Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёев 6 апрель куни муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган янги тизимни маъқуллади. Эндиликда армия сафидаги ёшлар хизмат даврида масофавий таълим олиш, бепул касб-ҳунарга ўқиш ва нуфузли танловларда электромобиль ютиб олиш имкониятига эга бўладилар.
Янги тартибга кўра, ўқув йилидан бошлаб аскарлар учун ҳарбий қисмларнинг ўзида олий таълим муассасаларига кириш учун тайёрлов курслари ташкил этилади. Олийгоҳларга қабул қилинган хизматчилар ҳарбий факультет талабаларига тенглаштирилиб, ўқишни тамомлагач, уларга "захирадаги лейтенант" унвони берилади.
Шунингдек, халқаро спорт мусобақалари ва фан олимпиадалари ғолиблари талабаликка тест синовларисиз қабул қилинади, шартнома асосида ўқийдиганларга эса фоизсиз кредитлар ажратилади.
Ҳарбий хизмат давомида "Битта аскар — битта касб" тамойили асосида 3-6 ойлик ўқув курслари йўлга қўйилиб, битирувчиларга давлат намунасидаги сертификатлар берилади. Хизматдан сўнг хусусий секторда фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларнинг ўқиш харажатлари ваучер асосида давлат томонидан қопланади. Давлат ташкилотларига ишга киришда эса уларга тест синовларида қўшимча 10 фоизлик имтиёзли балл тақдим этилади.
Маънавий рағбатлантириш тизими доирасида ҳар йили "Маънавият қалқони" республика китобхонлик танлови ўтказилиши белгиланган. Тўрт босқичли ушбу мусобақанинг якуний босқичида ғолиб бўлган 4 нафар ҳарбий хизматчи Олий Бош Қўмондон совғаси — замонавий электромобиль билан тақдирланади. Бошқа совриндорлар учун эса махсус диплом ва йирик миқдордаги пул мукофотлари ажратилиши кўзда тутилган.

Изоҳлар мавжуд емас