Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йилнинг 23 ноябридан 17 декабрига қадар амалдаги шахмат чемпиони ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу ва ўзбекистонлик даъвогар Жавоҳир Синдаров ўртасида жаҳон чемпионлиги учун тарихий учрашув бўлиб ўтади.
Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) маълумотларига кўра, ушбу баҳс шахмат тожи тарихидаги "энг ёш" тўқнашув сифатида қайд этилади — ҳар икки гроссмейстер ҳам ўйин вақтида 20 ёшда бўлади. Тадбирнинг умумий бюджети 8,5 миллион долларни, мукофот жамғармаси эса камида 2,5 миллион долларни ташкил этади.
Ўйин 14 та партиядан иборат бўлади. Ғалаба учун 7,5 очко тўплаш талаб этилади. Агар ҳисоб 7:7 бўлиб қолса, ғолиб тай-брекда аниқланади.
Бундан олдин Ўзбекистонлик гроссмейстер Пафосда ўтган номзодлар турнирида 14 имкониятдан 10 очко жамғариб, бирор марта мағлуб бўлмасдан (6 ғалаба ва 8 дуранг) муддатидан олдин ғолибликни қўлга киритганди.
Гукеш Доммаражу эса 18 ёшида хитойлик Динг Лиренни мағлуб этиб, Гарри Каспаровнинг рекордини янгилаган ҳолда тарихдаги энг ёш жаҳон чемпионига айланган эди.
Ўйинни ўтказиш бўйича якуний муддатлар 31 майгача белгиланган бўлиб, баҳс қоидалари 2026 йил 1 июлга қадар тўлиқ тасдиқланиши кутилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас