Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида олти ёшли қизчанинг номаълум шахс томонидан ўғирлаб кетилиши аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўлмоқда. Жабрланувчининг оила аъзолари гумонланувчи шахснинг муқаддам бир неча бор қонунбузарлик содир этгани, бироқ жавобгарликдан четлаб келаётганини таъкидламоқда. Мазкур ҳолат ҳудуддаги тизимли муаммолар ва масъулларнинг эътиборсизлиги масаласини кун тартибига чиқарди. Ҳолат юзасидан Batafsil.uz мухбирига жабрланувчи хабар берди.
Воқеа тафсилотлари: "Тишингни даволайман" баҳонаси
Воқеа 20 апрель куни кечқурун, қизча янги очилган боғчадан уйига қайтаётган вақтда содир бўлган. Болакайнинг онаси Севара Норбўтаеванинг сўзларига кўра, гумонланувчи — Шербек Болтаков қизчани куч ишлатиб кўтариб олган ва аҳоли яшаш ҳудудидан узоқлаштириб, дала томонга олиб қочган.
Қизча йўлда йиғлаб, уйига қайтмоқчи бўлганида, жиноятчи уни "тишингни орасига дори соламан" деб алдашга ва тинчлантиришга уринган. Гувоҳларнинг айтишича, жиноятчи катта ариқ оша болани олиб ўтишга уринган.
Қизчанинг йиғисини эшитган икки нафар маҳалла аёли дарҳол воқеа жойига етиб борган ва болани жиноятчининг қўлидан тортиб олиб, уйига олиб қочган. Жиноятчи аёлларни қўрқитишга ҳаракат қилган ва "бировга айтсанг, сени йўқ қиламан" деб таҳдид қилган.
"Тизимли рецидивист" ва жазосизлик
Маҳалла аҳолисининг таъкидлашича, Болтаков Шербек ушбу ҳолатгача ҳам бир қатор оғир жиноятларга қўл урган, бироқ масъуллар томонидан кўрилган чоралар етарли бўлмаган. Ҳатто ўша воқеа пайтида ҳам қизчани олиб қочишдан олдин яна иккита болани олиб қочишга уринган. Уларни ҳам маҳалла аёллари қутқариб қолган.
Фуқаро бунгача ўзганинг уйига бостириб киргани, ўғрилик қилгани ва бошқа кўплаб ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун аввал ҳам судланган. Жабрланувчининг онаси профилактика инспекторини ушбу жиноятларни яширишда ва "босди-босди" қилишда айбламоқда. Унинг айтишича, "камбағал одам дегани жиноят бемалол қилсин дегани эмас".
Маҳалла ҳамширасининг маълумот беришича, гумонланувчининг бир ярим ёшли фарзанди вафот этганида ҳам бирор-бир расмий тергов ҳаракатлари олиб борилмаган ва тушунтириш хати ҳам талаб қилинмаган. Ҳозирда жабрланувчининг оиласи ва маҳалла фаоллари гумонланувчига нисбатан қонуний, қатъий чора кўрилишини талаб қилиб, прокуратура ва бошқа тегишли ташкилотларга мурожаат қилмоқда.
Терговдаги чалкашликлар ва маҳалланинг норозилиги
Воқеадан сўнг жабрланувчининг оиласи тегишли идораларга, жумладан, 102 рақамига қўнғироқ қилган, бироқ ҳудудий профилактика инспектори воқеа жойига келиши учун уч соат вақт талаб қилинган. Онанинг сўзларига кўра, бу вақт давомида участка нозири вазиятдан хабар олмаган.
Жабрланувчининг оиласига кўра, гумонланувчи шахс маҳалла профилактика инспектори билан яқин алоқада бўлиши мумкин. Терговчилар томонидан дастлабки босқичда воқеа юзасидан "бола жабрланмаган", "тана жароҳати олмаган" деган важлар келтирилган.
Ҳуқуқшуносларнинг таъкидлашича, гумонланувчининг ҳимоячилари унинг қилмишини "адашиб қолган" ёки "болани уйига олиб келаётган бўлган" каби баҳоналар билан оқлашга уринишлари мумкин. Маҳалла аҳлининг фикрича, бундай жиноятларнинг ортида қонун устуворлигига бўлган беписандлик ётади.
Оиладаги вазият ва таҳдидлар
Севара Норбўтаева — 38 ёшли бева, ўзи ёлғиз икки фарзандни тарбияламоқда. Ҳозирда болаларини боқиш учун Тошкентда ишламоқда. Аёлнинг ота-онаси эса невараларига қараб турган. Унинг сўзларига кўра, жиноятчи озодликда бўлган вақтида унга ва оила аъзоларига таҳдид қилишда давом этмоқда.
Жиноятчи прокуратурага борган онага ҳам, унинг оиласига ҳам "икки кунда чиқаман, сенинг кунингни кўрсатаман" дея пўписа қилган. Маҳалла аҳли ўз фарзандларининг хавфсизлиги учун қўрқувда яшамоқда, чунки олти ёшли қизча воқеаси ушбу жиноятчи томонидан содир этилган ягона ҳолат эмас.
Жабрланувчининг онаси таъкидлашича, ушбу шахс маҳаллада ўзидан "мафия" ясаб олган ва ўзгаларга ҳукмронлик қилишга одатланган.
Ҳуқуқий муҳит ва болалар ҳимояси: Саволлар очиқ қолмоқда
Жабрланувчининг онаси Севара Норбўтаева ва жамоатчилик вакиллари учун энг ташвишли ҳолат — бу жиноятчининг қонун олдида жавоб бериши эмас, балки унинг яна озодликка чиқиб, жамият учун хавф туғдиришидир. Онанинг фикрича, прокуратура ва тегишли идоралар томонидан кўрилаётган чоралар, хусусан, олти ойлик наркологияга ётқизиш, реал жазо эмас, балки "курорт" каби қабул қилинмоқда.
Оила Болалар омбудсманига мурожаат қилганда, уларга суд қарори чиқмагунча ва жиноят содир этилмагани ҳақида хулоса берилмагунча ёрдам бера олмасликлари билдирилган. Гувоҳларнинг қайд этишича, гумонланувчи "хавфли шахс" ҳисобланади ва бундай шахслар устидан фақат кузатув эмас, балки қатъий қонуний чоралар қўлланилиши лозим.
Маҳалланинг роли ва жамоатчилик назорати
Мазкур ишда маҳалла раиси ва профилактика инспекторининг ҳаракатлари маҳаллий аҳоли томонидан жиддий танқид қилинмоқда. Маҳалла аҳлининг таъкидлашича, гумонланувчининг ўтмишдаги жиноятлари, жумладан, эшак териси ўғирлаши ва бошқа тазйиқлари кўпчиликка маълум бўлса-да, бу ҳақда ҳеч ким очиқ гапиришга жазм этмаган. Балки айбланувчи билан моддий боғлиқлик борлиги айтилмоқда.
Ҳозирда ушбу шахсдан жабр кўрган 10 дан ортиқ маҳалла фуқароси ўз шикоятларини ёзма равишда тақдим этган.
Шу боис таҳририятимиз, Маданият маҳалласи раиси Исмоилов Нурали ака билан боғланишга ва мазкур ҳолатни ўрганиш мақсад қилган эди, чунки аҳолининг фикрича, маҳалла тизимида бу шахс билан боғлиқ жиноятларни инсектор томонидан "босди-босди" қилиш ҳолатлари мавжуд. Аммо раис бизнинг телефонларимиз ва хабарларимизга муносабат билдирмади, аксинча, қайта қўнғироқ қиламан деб "йўқ" бўлиб кетди.
Таҳририятимизга келиб тушган видеода ҳам инспектор раис иштирокидаги мажлисда аҳоли вакилига видеога олиб, ОАВда рухсатисиз тарқатиш маъмурий, жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини айтган. Ваҳоланки мажлис оммавий тарзда ўтказилган бўлиб, унда фуқаролар жорий содир этилган ҳолатга муносабат билдиришган.
Онанинг айтишича, "участка нозири ва гумонланувчи ўртасидаги яширин алоқалар тергов жараёнининг холислигига соя солмоқда". Аёл прокуратурага ариза киргазини маълум қилди.
Она Севара Норбўтаева фарзандларининг хавфсизлигини ўйлаб, уларни Тошкентга кўчириб ўтказишга мажбур бўлмоқда, бироқ у бу билан вазиятдан қутулиб қолмоқчи эмас. Унинг сўзларига кўра, агар у сукут сақласа, жиноятчи яна бошқа болаларга зарар етказиши муқаррар.
Хулоса: Ҳуқуқий адолат кутилмоқда
Ҳозирда жабрланувчининг оиласи, маҳалла фаоллари ва жамоатчилик вакиллари мазкур ишнинг охиригача етишини талаб қилишмоқда. Онанинг сўзларига кўра, гумонланувчи Шербек Болтаковнинг қилмишлари жамият учун катта хавф туғдирмоқда.
Журналистик суриштирув ва ҳуқуқий ҳимоя доирасида тегишли ташкилотларга мурожаатлар киритилмоқда.
Жабрланувчининг онаси томонидан келтирилган тафсилотлар (қизчани дала томонга олиб кетиш ва унга таҳдид қилиш) мутахассислар томонидан педофилия белгилари сифатида баҳоланиши мумкин. Севара Норбўтаева фарзандларини Тошкентга олиб кетиш орқали уларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаган бўлса-да, у жиноятчининг жазосиз қолишига йўл қўймасликка қатъий бел боғлаган.
Мазкур вазиятда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва қонун устуворлигини ўрнатиш масъул идораларнинг зиммасидаги муҳим вазифадир. Маҳалла аҳли адолат қарор топишига ва айбдор шахснинг озодликда қолиб, бошқа болаларнинг "бошига етиши"га йўл қўйилмаслигига умид қилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас