Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 5 май куни Тошкентдан Хивага йўналтирилган янги юқори тезликдаги "Жалолиддин Мангуберди" йўловчи поезди илк рейсини амалга оширди. Мазкур поезд мамлакатда темир йўл соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим натижаларидан бири сифатида баҳоланмоқда.
Жанубий Кореянинг технологик гиганти — Hyundai Rotem компанияси Ўзбекистон темир йўл тизими учун ишлаб чиқарилган юқори тезликдаги поездларнинг биринчи намунасини декабрь ойидаёқ расман жўнатганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев "Жалолиддин Мангуберди" туркумидаги биринчи поездда 18 март куни саёҳат қилган эди.
"Ўзбекистон темир йўллари" маълумотига кўра, янги поезд пойтахтни Хоразм вилоятининг туризм маркази — Хива шаҳри билан боғлайди. Илгари 14 соатга яқин вақт сарфланган йўл энди тахминан 7,5 соатда босиб ўтилади.
Тантанали маросим "Тошкент-Марказий" вокзалида бўлиб ўтди. Унда Транспорт вазирлиги, темир йўл тизими раҳбарлари, хорижий ҳамкорлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Лойиҳада Hyundai Rotem компанияси ҳам иштирок этган.
Маълум қилинишича, поезд Тошкентдан ҳаракатланиб Самарқанд, Бухоро ва Урганч орқали Хивага етиб боради. Поезд 250 км/соат тезликкача ҳаракатлана олади, таркиби 7 вагондан иборат бўлиб, 389 нафар йўловчига мўлжалланган.
Янги поездларни йўлга қўйиш учун 450 километрлик Бухоро–Урганч–Хива темир йўл участкаси тўлиқ электрлаштирилган. Шунингдек, Навоий–Бухоро йўналишида ҳам қўшимча темир йўл қурилиб, юқори тезлик учун мослаштирилган.
Қатнов жадвалига кўра, поезд Тошкентдан соат 07:00 да жўнайди ва Хивага 14:31 да етиб боради. Қайтиш рейси эса Хивадан 07:20 да жўнаб, Тошкентга 14:51 да етиб келади. Қатновлар ҳафтанинг белгиланган кунларида амалга оширилади. Хусусан, "Тошкент–Хива" йўналиши ҳафтанинг сешанба, пайшанба, шанба кунларига , "Хива–Тошкент" йўналиши эса ҳафтанинг чоршанба, жума, якшанба кунларига тўғри келади.

Изоҳлар мавжуд емас