Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясида газлашмаган ҳудудларда газ балонларидан фойдаланишни чеклаш ташаббуси муҳокамалар давомида танқидга учради. Айрим депутатлар бу таклиф ҳаётий шароитларга мос келмаслигини таъкидлади.
Муҳокама марказида аҳолининг газ балонлари орқали кундалик эҳтиёжларини қондиришига доир тартибларни чеклаш ва жавобгарлик белгилаш масаласи бўлган. Бир қатор депутатлар мазкур ташаббусни мантиқсиз деб баҳолаб, газ таъминоти йўқ ҳудудларда бу ягона амалий ечим эканини қайд этган.
Уларнинг фикрича, табиий газ тармоқлари мавжуд бўлмаган жойларда аҳоли мажбуран муқобил манбалардан фойдаланади. Бундай шароитда чеклов ва жазо чораларини жорий этиш муаммони ҳал қилмайди, аксинча, уни янада мураккаблаштиради.
Муҳокама давомида айрим депутатлар қонун ташаббуслари реал ҳаётдан келиб чиқиб ишлаб чиқилиши лозимлигини таъкидлаган. Уларга кўра, аҳолининг кундалик эҳтиёжларини ҳисобга олмаган ҳолда қабул қилинган қарорлар самара бермайди.
Қайд этилишича, газлашмаган ҳудудларда асосий эътибор чекловларга эмас, балки муаммонинг ечимларини топишга қаратилиши керак.
Маълумот учун, ўтган йилнинг декабрь ойида табиий газ тармоқларига уланмаган ёки газлаштирилмаган ҳудудлардаги аҳоли хонадонлари учун электр энергияси тарифларига имтиёзлар жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берган эдик.

Изоҳлар мавжуд емас