Загрузка
Загрузка
Сурхондарёда тадбиркор оқланди, Қашқадарёда прокуратура ҳаракатлари юзасидан жиддий саволлар кўтарилди
Ҳодисалар

Сурхондарёда тадбиркор оқланди, Қашқадарёда прокуратура ҳаракатлари юзасидан жиддий саволлар кўтарилди

18
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сурхондарё вилоятида тадбиркор Сайриддин Хўжамқуловга нисбатан қўзғатилган маъмурий иш суд томонидан тўлиқ бекор қилинди. Шу билан бирга, Қашқадарё вилоятида депутатга нисбатан тергов жараёнларида процессуал қонунбузарликлар бўлиши мумкинлиги ҳақида баҳслар кучайди. "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов мазкур икки ҳолатни таққослар экан, бирида адолат қарор топганини, иккинчисида эса қонунийлик тамойиллари савол остида қолганини таъкидлади.

Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани судида кўрилган ишга кўра, тадбиркор С.Хўжамқулов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси — туҳмат билан айбланган эди. Бироқ суд жараёнида айбловлар етарли далиллар билан тасдиқланмагани аниқланиб, иш бекор қилинган. Суд қарори тадбиркорнинг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқлигини кўрсатган.

Иш материалларига кўра, аввал Бандихон тумани прокурори ва ички ишлар органлари масъуллари тадбиркорнинг турли юқори ташкилотларга қилган мурожаатларини туҳмат сифатида баҳолаб, унга нисбатан иш қўзғатиш ташаббуси билан чиққан. Дастлаб жиноят ишини қўзғатиш рад этилган бўлса-да, кейинчалик қарор қайта кўриб чиқилиб, иш очилган. Аммо тергов якунида айбдорликни тасдиқловчи етарли далиллар мавжуд эмаслиги сабабли жиноят иши тугатилган. Шундан сўнг иш маъмурий тартибда давом эттирилган, бироқ суд уни ҳам асоссиз деб топган.

Абдураҳмон Ташанов ушбу ҳолатни суд мустақиллигининг амалий намунаси сифатида баҳолаб, судьянинг қонуний ва холис қарор қабул қилганини қайд этган. Унинг фикрича, мазкур қарор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қилинган босим ёки нотўғри баҳоларни бартараф этган.

Қашқадарё вилоятидаги ҳолат эса мутлақо бошқача манзарани намоён этмоқда. Касби тумани депутати Рахмонов Ихтиёрга нисбатан жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Прокуратура маълумотларига кўра, у Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг туман бўлимидаги фаолияти давомида мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланмоқда. Айбловлар Жиноят кодексининг 205 ва 209-моддаларига асосланган.

Бироқ ҳуқуқ фаоллари ва кузатувчилар ушбу ишда процессуал тартиблар бузилган бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. Қонунчиликка мувофиқ, депутатга нисбатан жиноят иши қўзғатиш ёки уни жавобгарликка тортишдан олдин тегишли халқ депутатлари кенгашининг розилиги олиниши шарт. Мазкур ҳолатда эса бундай розилик айблов хулосаси тайёр бўлганидан кейингина олингани айтилмоқда.

Мутахассислар фикрича, бу каби кечиктирилган процессуал ҳаракатлар суд жараёнида жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Хусусан, адвокатлар томонидан бу ҳолат ишни бекор қилиш ёки далилларни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос сифатида кўтарилиши эҳтимоли юқори.

Абдураҳмон Ташанов мазкур вазиятни қонун устуворлиги нуқтаи назаридан танқид қилиб, амалдаги қонунларга риоя этилмаслиги энг яхши ҳуқуқий механизмларнинг ҳам ишламай қолишига олиб келишини таъкидлаган. Унинг фикрича, давлат органлари томонидан йўл қўйилган бундай хатолар жамоатчилик ишончини пасайтиради.

Айни пайтда ҳар икки ҳудуддаги ҳолат жамоатчилик ва экспертлар диққат марказида қолмоқда. Бу воқеалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида қонунийлик, суд мустақиллиги ва процессуал тартибларга қатъий риоя этиш масалаларини янада долзарб этмоқда.

Аввалроқ Қашқадарёда пора олишда айбланган собиқ ЙҲХБ инспектори 16 йилдан сўнг оқланганди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...