Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. 16 август куни Тошкент вилоятида амалдор аёл Назокат Ўразова беш минг доллар миқдорида пора олишдан бош тортгани учун мукофотланган. Ҳалоллик учун бўлим бошлиғи иш ҳаққининг уч баравари миқдорида моддий рағбатлантирилган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар беради.
Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш бўлими бошлиғи Назокат Ўразованинг хизмат хонасида номаълум шахс файл папкасини қолдирган. Гувоҳлар иштирокида папканинг ичи очиб кўрилганда, унда беш минг доллар топилган. Вилоят бошқармаси раҳбари ва бошқа масъул ходимлар иштирокида тегишли далолатнома тузилган. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати маълум қилган.
Иш вазир Хилола Умарованинг шахсий назорати остига олинган, маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилган. Зарурий текшириш тадбирлари амалга оширилмоқда.
Вазирлик таълим тизимида шаффофлик ва ҳалолликни сақлашган қаратилган коррупцияга қарши фаол кураш олиб бормоқда. Фуқаролар ва давлат хизматчилари билан муносабатларда суиистеъмолликнинг олдини олиш ва қонунийликни таъминлашга қаратилган тушунтириш ишлари мунтазам равишда амалга оширилмоқда.
Маълумот учун: порахўрлик — бу жиддий жиноят бўлиб, бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Эслатиб ўтамизки, Олмалиқда Қирғизистондаги ОТМга пул эвазига киришга ёрдам беришга ваъда берган фирибгар ҳибсга олинган.
Изоҳлар мавжуд емас