Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Вилоят ФВБ Андижон вилоятидаги газ қуйиш шохобчасида содир бўлган ёнғин юзасидан изоҳ берди. Ёнғин деярли бир соат давомида ўчирилди.
Маълум қилинишича, ҳодиса ҳақида ўт ўчириш хизматига 5 сентябрь куни соат 12:05 да Андижон туманидан хабар келиб тушган. Ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига саккиз дақиқада етиб борган. Ёнғин соат 13:03 да тўлиқ ўчирилган.
Маълум қилинишича, ёнғин автоцистернадаги суюлтирилган газни (пропан) сақлаш резервуарига тўкишда технологик талабларга риоя қилинмагани оқибатида келиб чиққан.
Ҳодиса оқибатида жабрланганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.
Аввалроқ, Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманидаги пропан қуйиш шохобчасида ҳам шундай ҳолат кузатилганди.
Бунгача Қашқадарёнинг Кўкдала туманидаги газ қуйиш шохобчаси икки марта ёниб кетганди. Бир ҳолатда тўрт киши ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрь ойида Фарғонадаги газ қуйиш шохобчасида портлаш ва ёнғин содир бўлганди. Ҳодиса оқибатида тўрт киши ҳалок бўлганди.
Барча ҳолатларда сабаб бир хил - суюлтирилган газни тўкишда технологик талабларнинг бузилиши деб аталади.
Изоҳлар мавжуд емас