Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ва божхона органлари ходимлари Андижон вилоятида ўтказган тезкор тадбир давомида таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган маҳсулотларнинг ноқонуний савдоси фош этилди.
Марҳамат туманидаги савдо мажмуасида 35 ёшли фуқаро шартли харидорга 900 дона Keto coffee mix маҳсулотини 6 миллион сўм эвазига сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган. Тергов давомида ушбу маҳсулотлар Андижон шаҳридаги "Жаҳон савдо комплекси"дан харид қилингани аниқланган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган тинтув давомида ушбу мажмуадаги дўконлардан яна 480 дона шу турдаги маҳсулот ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Экспертиза натижаларига кўра, мусодара қилинган жами 11 килограммга яқин Keto coffee mix маҳсулоти таркибида "сибутрамин" номли кучли таъсир қилувчи модда борлиги тасдиқланган. Маълумки, ушбу модданинг республикамиз ҳудудида муомалада бўлиши қатъиян тақиқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас