Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Навоий вилояти Кармана туманида хизмат вазифасини виждонан бажариб, катта миқдордаги порадан воз кечган йўл-патруль хизмати (ЙПХ) инспектори рағбатлантирилди.
Ҳодиса 2023-йил 7-апрель куни тумандаги стационар постда содир бўлган. Lacetti русумли автомобилни маст ҳолда бошқариб келган ҳайдовчи тўхтатилиб, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Кейинчалик ҳайдовчининг отаси инспекторлар олдига келиб, иш материалларини судга оширмаслик ҳамда автомашинани жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига 1000 доллар миқдорида пора таклиф қилган.
ЙПХ инспекторлари фуқарони пора бериш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида бир неча бор огоҳлантирган. Бироқ, фуқаро таклифида қатъий туриб олгач, ходимлар томонидан тегишли идораларга хабар берилган. Ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро 1000 долларни пора сифатида бераётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўз хизмат бурчига садоқат кўрсатгани учун Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ ходими, капитан Шербек Турхонов Ички ишлар вазири ўринбосарининг буйруғи билан мукофотланган. Унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида пул мукофоти топширилган.

Изоҳлар мавжуд емас