Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Андижон вилояти Асака туманидаги мактаблардан бирида дарс жараёни вақтида мудҳиш жиноят содир этилди. Мактабда фаолият юритувчи шахс бирга ишловчи хотинини пичоқлаб ўлдирди. Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдинов ҳолат юзасидан Batafsil.uz мухбирига батафсил маълумот тақдим этди.
2026 йил 27 январь куни соат 15:30 ларда Асака туманидаги мактаб биносида 37 ёшли Улуғбек Орзибеков оилавий келишмовчилик сабабли ўзи билан олиб келган хўжалик пичоғи билан турмуш ўртоғи Моҳигул Орзибековага бир неча бор тан жароҳати етказган. Олган жароҳатлари натижасида аёл воқеа жойида вафот этган.
Қотилликни содир этгач, эркак яшаш хонадонига бориб, ўз қорнига пичоқ уриб жонига қасд қилмоқчи бўлган. Бироқ, унинг акаси бу ҳолатни кўриб қолган ва зудлик билан шифохонага етказган. Шу боис унинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ўткир тиғли жисмларни ўзи билан олиб бориш қонунан таъқиқланади. Айниқса, мактабларда ўқувчилар орасида бунга қарши муросасиз кураш олиб борилади. Сўнгги воқеалардан сўнг Миллий гвардия ходимлари текширувда фақат ўқувчилар билан чекланмаслиги кераклигини кўрсатмоқда.
Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида ҳам фуқаро турмуш ўртоғини ўзини ўзи ўлдиришгача олиб борганликда айбдор деб топилганди. Бундан олдин суд қарори билан у етти йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида хабар берган эдик.

Изоҳлар мавжуд емас