Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Наманган вилоятида хизмат ваколатидан фойдаланиб, жиноят ишини ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилган терговчи ҳамда унга воситачилик қилган адвокат фош этилди.Тегишли органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчилар ашёвий далиллар билан ушланди.
Тергов материалларига кўра, Наманган вилояти ИИБ Тергов бошқармаси терговчиси Чуст туманида истиқомат қилувчи 20 ёшли фуқарога нисбатан очилган жиноят ишини ёпиш ва ишни ижобий якунлаб бериш эвазига 40 минг доллар талаб қилган. Ушбу ноқонуний битимни амалга ошириш учун терговчи ишга бевосита алоқадор бўлмаган, адвокатлар ҳайъатида фаолият юритувчи адвокатни воситачи сифатида жалб этган.
Орган ходимлари томонидан ўтказилган махсус амалиётда аввалига адвокат фуқаронинг отасидан талаб қилинган 40 минг долларни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, терговчи адвокатдан 30 минг доллар миқдоридаги "улушини" олаётган пайтда ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговчига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш), адвокатга нисбатан эса 212-моддаси (пора олиш-беришда воситачилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳар иккала шахсга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси танланган.

Изоҳлар мавжуд емас