Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россия икки давлат қуролли кучларининг қўшма машғулотлари доирасида Беларус ҳудудидаги дала омборларига ядровий ўқ-дориларни етказиб берди. Машғулотлар 19-21 май кунлари бўлиб ўтади ва махсус ҳарбий комплекслар билан ишлайдиган бўлинмаларнинг ҳаракатларини машқ қилишга қаратилган.
Беларус Мудофаа вазирлиги машғулотларга ракета қўшинлари ва авиация қисмлари жалб қилинганини маълум қилди. Машғулотлар давомида Россия томони билан ҳамкорликда ядровий ўқ-дориларни етказиб бериш ва уларни қўллашга тайёрлаш масалаларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
"Искандер-М" ракета мажмуаси экипажларининг ҳаракатларига, жумладан, махсус зарядларни олиш, уларни жиҳозлаш ва техникани позицияларга яширинча олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу 2023 йилдан бери, яъни Беларус ҳудудида Россия тактик ядровий қуроллари жойлаштирилгандан сўнг ўтказилаётган учинчи қўшма машғулотдир.
Москва жойлаштирилган ўқ-дорилар Россия назорати остида қолишини ва Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани бузмаслигини таъкидламоқда. Минск, ўз навбатида, машғулотлар режали эканлигини ва учинчи давлатларга қарши қаратилмаганини маълум қилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас