Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ президенти Дональд Трамп Эроннинг бойитилган урани Вашингтон назоратига ўтишини маълум қилди. Унинг айтишича, Теҳрон уранни ихтиёрий равишда топшириши ёки АҚШ уни бошқа йўл билан олиши мумкин.
"Биз уни оламиз. Улар ё беради, ёки биз оламиз", — деди Трамп журналистлар билан мулоқот чоғида.
Reuters агентлиги маълумотларига кўра, гап Эрон ихтиёрида сақланаётган юқори даражада бойитилган уран захираси ҳақида кетмоқда. Вашингтон бу материал ядровий қурол яратиш учун ишлатилиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.
Айрим Ғарб ОАВлари хабар беришича, АҚШ ва Эрон ўртасида эҳтимолий келишув доирасида уранни мамлакат ташқарисига олиб чиқиш варианти ҳам муҳокама қилинмоқда. Бироқ Эрон Ташқи ишлар вазирлиги бундай сценарийни рад этган ва бойитилган уран мамлакатдан чиқарилмаслигини билдирган.
Бошқа хорижий ОАВлар маълумотига кўра, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам Эроннинг уран захираси масаласи ҳали очиқ қолаётганини таъкидлаган. Унинг фикрича, бу муаммо ҳал этилмас экан, минтақадаги кескинлик сақланиб қолади.
Шу билан бирга, халқаро матбуотда ёзилишича, Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокаралар санкциялар, Форс кўрфазидаги вазият ва ядровий дастур атрофидаги тортишувлар фонида давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Покистон пойтахти Исломободда АҚШ ва Эрон ўртасида бўлиб ўтган музокаралар муваффақиятсиз якунланган эди. Вашингтон делегациясига раҳбарлик қилган вице-президент Жей Ди Вэнс томонлар келишувга эриша олмаганини маълум қилган. Ўшанда ҳам Эрон бойитилган уран мамлакатдан олиб чиқилмаслигини билдирган эди.

Изоҳлар мавжуд емас