Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда Visa ва Mastercard карталари учун Google Pay хизматини ишга тушириш, шунингдек Google Gemini платформасига ўзбек тилини интеграция қилиш режалаштирилмоқда. Бу масалалар Ўзбекистон ва Google ўртасидаги технологик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш доирасида муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Google компанияси вице-президенти Каран Бхатия билан учрашиб, YouTube монетизациясини Ўзбекистонда ишга тушириш, сунъий интеллект, рақамли тўловлар, киберхавфсизлик ва IT кадрлар тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда Google Pay хизматини мамлакатда жорий этиш режалари маълум қилинди. Ушбу хизмат Visa ва Mastercard карталаридан рақамли тўловлар учун фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган.
Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши — ўзбек тилини Google Cloud Gemini платформасига интеграция қилиш. Бу маҳаллий тилда сунъий интеллектга асосланган хизматлар ва дастурий ечимлар яратиш имкониятларини кенгайтириши кутилмоқда.
Шунингдек, Google’нинг BigQuery ва Dataplex технологияларидан иқтисодиёт тармоқларида катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш бўйича пилот лойиҳаларда фойдаланиш режалаштирилган.
Google технологиялари асосида миллий киберхавфсизлик соҳасида мутахассислар салоҳиятини ошириш, янги ўқув дастурларини жорий этиш ва халқаро сертификатлаш имкониятларини кенгайтириш ҳам режалардан ўрин олган.
Таълим йўналишида эса Google’нинг Coursera платформасидаги "Инсон + AI" курсларида 737 мингдан ортиқ ўзбекистонлик фойдаланувчи таълим олгани ва сертификатларга эга бўлгани маълум қилинди.
Бундан ташқари, ҳар йили 25 нафар талабани Google офисларида стажировка ўташ учун юбориш режалаштирилмоқда.
Учрашувда Ўзбекистонда YouTube монетизациясини ишга тушириш масаласи ҳам кўриб чиқилган. Бу мамлакатда контент яратувчилар учун YouTube орқали даромад олиш имкониятларини яратишга қаратилган.
Саида Мирзиёева сўнгги йилларда Ўзбекистонда шахсга доир маълумотларни қайта ишлаш ва рақамли тўловлар соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилганини таъкидлаган.
Ҳамкорлик доирасида стартапларни қўллаб-қувватлаш, хакатонлар ўтказиш, сунъий интеллект ва бошқа замонавий технологиялар бўйича мутахассислар тайёрлаш ҳам кўзда тутилмоқда.
Шу тариқа, Google билан ҳамкорлик рақамли хизматлардан ташқари сунъий интеллект, киберхавфсизлик, таълим, стартаплар ва юқори малакали IT кадрлар тайёрлаш йўналишларини ҳам қамраб олмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас