Загрузка
Загрузка
Ўзбекистонлик шахматчиларга халқаро мусобақалардаги ғалаба учун 200 минг долларгача мукофот берилади
Жамият

Ўзбекистонлик шахматчиларга халқаро мусобақалардаги ғалаба учун 200 минг долларгача мукофот берилади

10
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Ўзбекистонлик шахматчилар нуфузли халқаро мусобақаларда совринли ўринларни эгаллагани учун 200 минг долларгача бир марталик мукофот олади. Тренерлар учун ҳам алоҳида пул мукофотлари белгиланди. Янги тўлов миқдорлари президент фармони билан тасдиқланган.

Энг катта мукофот катталар ўртасидаги Жаҳон шахмат олимпиадаси ва Паралимпиадаси ғолибларига берилади. Олтин медаль соҳиби 200 минг доллар, кумуш медаль соҳиби 100 минг доллар, бронза медаль соҳиби эса 50 минг доллар олади. Янги тартибга кўра, мукофот миқдори мусобақанинг даражаси ва эгалланган ўринга қараб фарқ қилади.

Ёшлар ўртасидаги Жаҳон шахмат олимпиадаси ва Паралимпиадаси совриндорлари учун ҳам алоҳида мукофотлар белгиланган. Олтин медаль учун 20 минг доллар, кумуш медаль учун 10 минг доллар, бронза медаль учун эса 5 минг доллар тўланади.

ФИДЕ таснифи бўйича жаҳон даражасидаги мусобақаларда ғолиб бўлган шахматчи 15 минг доллар олади. Кумуш медаль учун 7,5 минг доллар, бронза медаль учун 3,75 минг доллар берилади.

Осиё даражасидаги ФИДЕ мусобақаларида эса олтин медаль учун 10 минг доллар, кумуш учун 5 минг доллар ва бронза учун 2,5 минг доллар белгиланган. Шунингдек, шахматчига халқаро гроссмейстер унвони берилганда 5 минг доллар миқдорида бир марталик тўлов амалга оширилади.

Янги тартибда шахматчиларни тайёрлаган мураббийлар учун ҳам алоҳида тўловлар кўзда тутилган.

Катталар ўртасидаги Жаҳон шахмат олимпиадаси ғолибини тайёрлаган тренерга 50 минг доллар, кумуш медаль соҳиби учун 25 минг доллар, бронза медаль соҳиби учун 12,5 минг доллар берилади.

Ёшлар олимпиадасида бу миқдорлар мос равишда 5 минг, 2,5 минг ва 1,25 минг долларни ташкил этади. Жаҳон даражасидаги мусобақалар совриндорларини тайёрлаган тренерлар учун олтин медаль — 7 минг доллар, кумуш — 3,5 минг доллар, бронза — 1,75 минг доллар миқдорида мукофот белгиланган.

Осиё даражасидаги мусобақаларда эса тренерларга олтин медаль учун 5 минг доллар, кумуш учун 2,5 минг доллар ва бронза учун 1,25 минг доллар тўланади.

Мукофотлар шахматчини сўнгги бир йил давомида тайёрлаган тренерга берилади. Бироқ Тренерлар кенгаши қарори билан мукофот сўнгги тўрт йил давомида спортчи билан ишлаган бошқа мураббий ва мутахассислар ўртасида ҳам қайта тақсимланиши мумкин.

Шу тариқа, янги тартиб нафақат юқори натижа кўрсатган шахматчиларни, балки уларни тайёрлаган мураббийларни ҳам молиявий рағбатлантиришни назарда тутади.

Маълумот учун, кеча Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 6-турида Ўзбекистон-1 эркаклар терма жамоаси мусобақанинг бош фаворитларидан бири бўлган Ҳиндистон термасини 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этганди. Ушбу муҳим ғалабадан сўнг ҳамюртларимиз 12 очко тўплаб, турнир жадвалидаги якка пешқадамлик позициясини мустаҳкамлаб олган эди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...