Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Биринчи ярим йилликда Тошкентда ер нархи пасайди: июнь ҳолатига кўра, пойтахтда 1 сотих ер нархи 334 миллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилги кўрсаткичдан 2,5 фоизга арзонлашди. Шу билан бирга, иккиламчи уй-жой бозорида квадрат метрнинг ўртача нархи апрель ойидаги 15,4 миллион сўмдан июнь ойи охирида 14,9 миллион сўмгача тушди.
Бу ҳақда Марказий банкнинг кўчмас мулк бозори бўйича таҳлилий ҳисоботида маълум қилинган.
Умуман олганда, ушбу ярим йилликда кўчмас мулк бозоридаги фаоллик юқори даражада сақланиб қолган. Республика бўйича 177,5 мингта битим тузилган, бу ўтган йилга нисбатан 10,7 фоизга кўпдир. Тузилган битимларнинг 148,4 мингтаси бевосита уй-жой олди-сотдиси билан боғлиқ бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 12,1 фоизга ошган.
Бирламчи уй-жой бозорида нархлар республика бўйича ўртача йиллик 2,6% га, иккиламчи бозорда эса 2,5% га қимматлашди. Лекин Тошкент шаҳри ва айрим йирик ҳудудларда бу ўсиш жуда кам ёки манфий. Пойтахтда уй-жой ижараси сегментида нархлар йил давомида 6,1 фоизга арзонлашди.
Шу билан бирга, иккинчи чоракда ипотека кредитлаш суръати тезлашиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 36 фоизга ортди. Бирламчи бозорда уй-жой учун берилган кредитларнинг улуши умумий ҳажмнинг 74 фоизини ташкил этган. 2024 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 57 фоизни кўрсатган.
Ҳисоботда қайд этилишича, аҳолининг кўчмас мулк сотиб олишнинг қулай механизмларига бўлган юқори қизиқиши шароитида қурувчиларнинг мослашувчан тўлов шартларини таклиф қилиши уй-жой бозоридаги фаолликнинг ошишига ёрдам беради. Бу эса уй-жойга бўлган талабни қондириш билан бир қаторда бирламчи бозорни кенгайтириш омилларидан биридир.
Аҳоли реал даромадларининг ўсиши уй-жой бозорида талаб фаоллигини ҳам рағбатлантиради. Биринчи ярим йилликда у ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,5 фоизни ташкил қилган. Ипотека кредитларининг юқори ўсиши уй-жой нархларининг мувозанатли ўсиши билан бирга уни сотиб олиш имкониятларининг барқарор ўсишига олиб келади.
Эслатиб ўтамизки, Тошкент шаҳар ҳокимлиги июль ойи охирида 59 та объектда қурилиш ишларини тўхтатган эди. Уйлар рухсат берувчи ҳужжатларсиз ва зарур техник хулосаларсиз қурилган. Шу билан бирга, улардаги хонадонларнинг бир қисми харидорларга аллақачон сотилган. Мухбирларимиз асосий омилларни холисона кўриб чиқишга ва муҳим саволга, яъни энди фақат иккиламчи бозорга ишониб, эски фонддан квартира сотиб олиш керакми, деган саволга жавоб беришга ҳаракат қилишди.

Изоҳлар мавжуд емас