Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Халқаро Numbeo базасининг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, пойтахтимизда тўрт кишилик оиланинг ойлик харажатлари (уй ижарасидан ташқари) ўртача 23,5 миллион сўмни ташкил этади. Бир киши учун эса бу кўрсаткич қарийб 6,5 миллион сўмга тенг.
Мазкур таҳлил шаҳардаги озиқ-овқат, транспорт, алоқа, коммунал хизматлар ва дам олиш билан боғлиқ кундалик харажатларни қамраб олади.
Numbeo экспертлари пойтахтдаги ўртача нархларни баҳолаган. Хусусан, арзонроқ ресторанда тушлик қилиш тахминан 70 минг сўмга, ўрта даражадаги муассасада икки кишилик кечки овқат эса тахминан 400 минг сўмга тушади. Ойлик мобил тарифлар ўртача 49 минг сўмни, уй интернети эса тахминан 150 минг сўмни ташкил қилади.
Таъкидлаш жоизки, халқаро ташкилотларнинг бу "яшаш минимуми" даражаси Ўзбекистонда расман белгиланган кўрсаткичдан сезиларли даражада фарқ қилади. Масалан, мамлакатимизда ҳисобланган тирикчилик учун зарур минимал миқдор бир киши учун ойига 715 минг сўм этиб белгиланган.
Бу тафовут халқаро базаларнинг харажатларни ҳисоблаш услубиёти (истеъмол савати таркиби ва даражаси) маҳаллий расмий мезонлардан фарқ қилиши билан изоҳланади.

Изоҳлар мавжуд емас