Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида ўзаро преференциал савдони рағбатлантиришга қаратилган битим имзоланиши режалаштирилмоқда. Бу орқали икки давлат яқин 4–5 йил ичида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказишни мақсад қилган.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шоҳруҳ Ғуломовнинг маълум қилишича, битим лойиҳаси ишлаб чиқилган ва ҳозирда маркетинг тадқиқотлари олиб борилмоқда. Улар 2–3 ой ичида якунланиб, тегишли таклифлар давлат раҳбарига киритилади.
Маълумотларга кўра, 2025 йилда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо ҳажми 1,3 миллиард долларни ташкил этган. 2026 йилнинг январь–июль ойларида эса бу кўрсаткич қарийб 700 миллион долларга етган.
Шунингдек, Ўзбекистонда ҳозирда Ҳиндистон капитали иштирокида 400 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Томонлар технологик ҳамкорлик ва қўшма инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш бўйича ҳам алоҳида дастур ишлаб чиқишга келишиб олган.

Изоҳлар мавжуд емас