Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда қурилиш соҳасида ишловчи ходимларнинг соатлик энг кам иш ҳақини ошириш режалаштирилмоқда. Бу бўйича 2027 йил январга қадар президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Ҳужжатда қурилиш ходимлари учун соатлик энг кам иш ҳақини ошириш ва уни мамлакатнинг барча ҳудудларида ягона миқдорга келтириш назарда тутилган.
Шунингдек, давлат бюджети ҳисобидан амалга ошириладиган қурилиш-монтаж ишларида пудрат ташкилотларининг режали фойдасини смета қийматининг 7 фоизигача белгилаш таклиф қилинмоқда.
Бундан ташқари, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси учун йиғимлар бўйича аванс тўловини амалдаги 20 фоиздан 5 фоизга тушириш режалаштирилган. Бу пудрат ташкилотларининг молиявий юкини камайтириши кутилмоқда.
Қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш учун бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов, қурилиш вазири Шерзод Ҳидоятов ҳамда бошқа масъуллар бириктирилган.
Аввалроқ тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев Янги Тошкентда давлат идоралари учун маъмурий биноларни хусусий компаниялар ҳисобидан қуриш ва кейинчалик давлатга узоқ муддатли ижарага беришни таклиф қилганди. Унинг фикрича, бундай механизм бюджет харажатларини камайтириш, қурилиш сифати ва самарадорлигини ошириш имконини беради.

Изоҳлар мавжуд емас