Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди оммавий ахборот воситалари вакиллари олдида сўзга чиқиб, бўлиб ўтган музокараларга баҳо бердилар.
Давлат раҳбари Ҳиндистон етакчисининг тарихий ташрифи катта аҳамиятга эга эканини, икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги - кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилганини алоҳида таъкидлади. Очиқлик руҳида ўтган музокаралар давлатлар ўртасидаги самимий дўстлик, юксак ҳурмат ва ўзаро ишончнинг ёрқин ифодаси бўлди. Ҳиндистон глобал майдонда юқори нуфуз ва таъсирга эга, шунингдек, рақамли технологиялар, дастурий таъминот ва стартаплар соҳасида улкан ютуқларга эришган йирик ва ишончли стратегик ҳамкор сифатида эътироф этилди.
Музокараларда асосий эътибор иқтисодий масалаларга қаратилди. Ўтган йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми 33 фоизга ошиб, 1,3 миллиард долларга етган. Томонлар 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказишни мақсад қилган.
Ташриф доирасида муҳим қўшма инвестиция лойиҳалари портфели шакллантирилди ва Ҳиндистоннинг бир қатор йирик компаниялари билан аниқ келишувларга эришилди. Ҳамкорликни кенгайтириш учун энергетика, муҳим минераллар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, электроника, машинасозлик, заргарлик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида янги ўсиш нуқталари белгиланди, шунингдек, Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши фаолиятини фаоллаштиришга қарор қилинди.
Эришилган барча келишувларнинг тўлиқ ижросини таъминлаш мақсадида томонлар ташқи ишлар вазирлари даражасида алоҳида мувофиқлаштириш механизмини яратишга ва кенг қамровли "йўл харитаси"ни тайёрлашга қарор қилдилар.
Етакчилар халқаро майдонларда, шу жумладан БМТ, ШҲТ, Қўшилмаслик ҳаракати, БРИКС доирасида ва Глобал Жануб мамлакатлари билан ҳамкорлик доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлигини тасдиқладилар.
Маданий-гуманитар соҳада Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг 4 та олий таълим муассасаси, шунингдек, Лал Баҳодир Шастри ва Маҳатма Ганди марказлари муваффақиятли фаолият юритаётгани қайд этилди.
30 кунлик визасиз режимнинг жорий этилиши, ҳафтасига 14 та авиақатновнинг амалга оширилиши, ўзаро маданият ҳафталиклари ва кинофестивалларнинг ўтказилиши, шунингдек, янги қўшма сайёҳлик йўналишларининг ишга туширилиши туризмни ривожлантириш ва фуқароларнинг саёҳатларини фаоллаштиришга хизмат қилади.

Изоҳлар мавжуд емас