Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи доирасида саноат, туризм, савдо комплекслари ва уй-жой қурилишига катта туртки берадиган 4 миллиард долларлик 28 та янги истиқболли лойиҳага старт берди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари Давлатобод туманидаги Янги Наманган шаҳарчаси ҳудудида замонавий ИТ-парк қурилишига ҳам тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди. Хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда 117 миллион долларлик йирик лойиҳа асосида республиканинг 6 та ҳудудида барпо этиладиган ИТ-парклар тармоғининг илк қалдирғочи айнан Янги Наманган шаҳрида қуриладиган бўлди.
Давлат раҳбари Наманган вилояти аҳолисининг 1 миллион 600 мингдан ортиғини ёшлар ташкил этишини ва бу жуда катта ижтимоий-иқтисодий капитал эканини алоҳида таъкидлаган. Шу боис ёшларга рақамлаштириш ва сунъий интеллект каби замонавий билимларни бериш, уларни юқори даромадли касбларга ўргатиш мақсадида тизимли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Янги Наманганда 1,7 гектар майдонда қад ростлайдиган 17 қаватли муҳташам ИТ-парк биноси хорижлик ҳамкорлар томонидан лойиҳалашдан тортиб ички жиҳозлашгача бўлган барча босқичларни қамраб олган ҳолда, тўлиқ тайёр ҳолда топширилади.
Майдони қарийб 18 минг квадрат метр бўлган ушбу замонавий мажмуада таълим ва экспорт марказлари, коворкинг майдонлари ҳамда стартап акселераторлари ташкил этилади. Бу ерда наманганлик 2 мингга яқин ёшлар учун юқори даромадли иш ўринлари яратилиб, вилоятда ИТ хизматлари йиллик ҳажмини 500 миллиард сўмга, экспортни эса 30 миллион долларга етказишга замин ҳозирланади.
Маросим доирасида вилоят иқтисодиётини тубдан юксалтирадиган бошқа йирик молиявий кўрсаткичларга ҳам тўхталиб ўтилган. Қайд этилишича, йил бошидан буён Наманганнинг ўзига 2 миллиард долларлик хорижий инвестиция киритилган бўлиб, ташриф куни Хитой, Туркия, Ҳиндистон ва Россиялик ҳамкорлар билан барпо этилган 1 миллиард 800 миллион долларлик 20 та янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилган. Фармацевтика, енгил саноат, кимё ва озиқ-овқат тармоқларини қамраб олган ушбу лойиҳалар 6,5 мингта янги иш ўрни ва бюджетга 400 миллиард сўмлик тушум олиб келади.
Мутахассислар Ўзбекистоннинг сунъий интеллект бўйича умумий салоҳиятини 10 миллиард долларга баҳолаётган бир пайтда, Наманганда старт берилган янги лойиҳалар ушбу имкониятларни реал иқтисодий ўсиш ва янги иш ўринларига айлантириш йўлидаги муҳим қадамдир.

Изоҳлар мавжуд емас