Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Музработ тумани ҳокими А.Маматқуловнинг ғалла топшириш режасини бажармаётган фермерлар билан ўтказилган йиғилишда уларни ҳақорат қилгани ва таҳқирлагани акс этган видео кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди. Олиб борилган ўрганишлар натижасида ҳокимнинг хатти-ҳаракатларида давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидалари талаблари қўпол равишда бузилгани ўз тасдиғини топган.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, давлат фуқаролик хизматчилари ўз вазифаларини виждонан бажариши, давлат органларининг обрў-эътиборига путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилиши ҳамда фуқаролар билан муносабатларда хушмуомалалик, ҳурмат ва профессионаллик тамойилларига қатъий риоя этиши шарт. Шу сабабли, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидалари бузилишининг олдини олиш ваколати доирасида Сурхондарё вилояти ҳокимлигига хизмат текшируви ўтказиш ҳамда ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш бўйича расмий тақдимнома киритган.
Киритилган тақдимнома натижаларига кўра, Музработ тумани ҳокими А.Маматқуловга нисбатан "ҳайфсан" интизомий жазо чораси қўлланилган. Агентлик давлат хизматчилари томонидан ахлоқ меъёрларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, тизимда юқори касбий стандартларни қарор топтириш ҳамда қонун бузилиши ҳолатлари учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш борасидаги ишларни изчил давом эттиришини маълум қилган.

Изоҳлар мавжуд емас