Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Европа устида ҳукм сураётган кучли иссиқлик тўлқини бир қанча шаҳарларда тарихий ҳарорат рекордларини янгилаб, Францияда камида 18 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Ахборот агентликларининг хабар беришича, қурбонлар орасида Франция жануби-шарқидаги Карпантра шаҳрида жазирама иссиқда қолдирилган машина ичида онаси томонидан ҳушсиз ҳолатда топилган 2 ва 4 ёшли икки нафар норасида бола ҳам бор.
Бордо минтақасида эса 80 дан 95 ёшгача бўлган уч нафар қария айнан шу жазирама оқибатида юзага келган соғлиқ муаммолари туфайли ҳаётдан кўз юмган. Бундан ташқари, кунлар қизиб кетгани сабабли салқинланиш мақсадида сув ҳавзаларига йўл олганлар орасида бахтсиз ҳодисалар кескин кўпайиб, бир сутканинг ўзида 13 киши сувда чўкиб ҳалок бўлган. Шу сабабли маҳаллий қутқарув хизматлари аҳолидан фақат назорат қилинадиган махсус жойларда чўмилишни қаттиқ талаб қилмоқда.
Айни пайтда мазкур аномал иссиқлик тўлқини бутун қитъа бўйлаб жиддий муаммоларни юзага келтирмоқда. Франциянинг Бордо шаҳрида ҳарорат 41,9 даражага етиб, ўтган йилги рекордни янгилаган бўлса, Пуатьеда 41,2 даража иссиқ қайд этилиб, 1947 йилдан бери энг юқори кўрсаткич сифатида тарихга кирган. Ҳатто одатда салқин иқлими билан ажралиб турадиган Испаниянинг шимолий Сан-Себастьян шаҳрида ҳам ҳарорат 40 даражага етган, бу эса мазкур ҳудуд учун июнь ойидаги тарихий ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўп демакдир.
Буюк Британия синоптиклари ҳам шу ҳафтада мамлакатда ҳарорат 39 даражадан ошишини ва 1957 ҳамда 1976 йиллардаги рекордлар осонлик билан янгиланишини прогноз қилишмоқда. Иссиқлик таъсири нафақат инсонлар, балки инфратузилма ва ёввойи табиатга ҳам зарар етказмоқда. Италиянинг 12 та йирик шаҳрида жазирама туфайли энг юқори "қизил" огоҳлантириш даражаси эълон қилинган, Турин шаҳрида эса электр тармоқлари зўриқиш билан ишлаётгани сабабли қўшимча генераторлар ва ишчилар учун фавқулодда сменалар жорий этилган.
Бельгиядаги ёввойи табиатни муҳофаза қилиш бошпанаси эса уйларнинг том қисми 50–60 даражагача қизиб кетгани сабабли ўз инларида тириклайин куйиб ўлишдан қочиб, пастга сакраган 150 га яқин қуш ва кичик жонзотларни қабул қилган. Экспертларнинг тушунтиришича, "Омега блоки" деб аталувчи ушбу атмосфера ҳодисаси Саҳрои кабирдан иссиқ ҳаво оқимини Европа томон тортмоқда ва жуда секин ҳаракатланаётгани сабабли қитъада шамолсиз, дим ҳавони юзага келтирмоқда.
Бутунжаҳон метеорология ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳозирда Европа сайёрадаги бошқа ҳудудларга қараганда икки баравар тезроқ қизиб бормоқда.

Изоҳлар мавжуд емас