Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Германиядаги расмий вакили – UZ Trade House Germany (UZTH) ҳамда Германиянинг Гамбург шаҳрида жойлашган Hanseatic Connect халқаро кадрлар компанияси ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди.
Маълумот ўрнида, Hanseatic Connect соғлиқни сақлаш, беморларни парваришлаш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида хорижлик мутахассисларни тайёрлаш ҳамда ишга жойлаштириш билан шуғулланувчи халқаро рекрутинг компанияси ҳисобланади. У 140 йиллик тарихга эга, дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатида 45 мингдан зиёд ходимни бирлаштирган йирик Schulte Group саноат ва кемасозлик гуруҳи таркибига киради.
Имзоланган келишув Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ўзбекистонлик мутахассисларни тизимли равишда тайёрлаб, Европа меҳнат бозорига жалб этишга қаратилган. Ҳамкорлик доирасида томонларнинг вазифалари UZTH Ўзбекистондаги кенг шериклик тармоғи орқали истиқболли номзодларни излаш ва саралаб олишга кўмаклашади. Hanseatic Connect эса танлаб олинган номзодларнинг касбий ва тил ўрганиш тайёргарлигини таъминлайди, виза расмийлаштириш, дипломларни тан олдириш ҳамда Германиядаги меҳнат шароитларига мослашиш жараёнларида ҳамроҳлик қилади.
Лойиҳанинг дастлабки босқичида асосий эътибор меҳмонхона ва ресторан бизнеси, тиббий парвариш (Pflege) ҳамда малакали ходимларга талаб юқори бўлган бошқа тармоқлар учун кадрлар тайёрлашга қаратилади. Ушбу ташаббус Ўзбекистон фуқаролари учун Европада қонуний ва муносиб иш топиш имкониятларини кенгайтириш билан бир қаторда, юртимизда кадрлар тайёрлаш, тил ўргатиш ва рекрутинг хизматлари соҳасида фаолият юритаётган маҳаллий тадбиркорлар учун ҳам янги истиқболларни тақдим этади.
Олдинроқ Ўзбекистонлик ўрта тиббиёт ходимлари Globogate дастури орқали Германия клиникаларига ишга таклиф этилганди. Дастур доирасида иштирокчилар учун барча харажатлар қопланиб, дастлабки маош 1 900 евродан бошланади.

Изоҳлар мавжуд емас