Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ҳукуматнинг 2026 йил 3 июндаги (№ 276-сонли) қарори билан мамлакатда шаҳар йўловчилар транспорти тизимини ривожлантириш ва сифатини оширишга қаратилган янги чора-тадбирлар белгиланди. Ҳужжатга мувофиқ, жамоат транспортини экологик тоза ва замонавий воситалар билан таъминлаш ҳамда йўлкира тўловларини автоматлаштириш кўзда тутилган.
Қарорга кўра, 2027 йил 31 декабрга қадар "Евро-5" ва ундан юқори экологик стандарт талабларига жавоб берадиган, ҳайдовчи билан бирга 60 нафар ва ундан ортиқ йўловчи сиғимига эга бўлган М3 тоифали янги транспорт воситаларини (автобус, электробус ёки троллейбуслар) Ўзбекистонга олиб киришда утилизация йиғими учун "ноль" ставкаси қўлланилади. Бу чора ташувчи корхоналар учун замонавий автопаркни шакллантириш имкониятини кенгайтиради.
Брутто-шартнома асосида ишловчи йўналишларда даромадларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб тўловларнинг янги тартиби жорий этилмоқда. Эндиликда йўловчилар тўловни фақат автоматлаштирилган тизим (validator) орқали амалга оширишлари шарт.
Бунда транспорт карталарини валидация қилиш, банк карталари, смартфонлар ёки бошқа контактсиз электрон тўлов воситалари (NFC, QR, биометрик ва бошқалар) орқали тўлов, ижтимоий ёки транспорт карталари ёрдамида имтиёзли/бепул юриш ҳуқуқини тасдиқлаш кўзда тутилган.
Эътиборли жиҳати, мазкур усуллардан фойдаланмасдан, яъни автобусга чиқиш вақтида тўловни тасдиқламаган йўловчилар "чиптасиз юрган" деб ҳисобланади.
Қарор билан шаҳар транспорти тизими кенгайтирилиб, шаҳар марказидан 12 километргача бўлган ҳудудларга қатновчи йўналишлар ҳам расман "шаҳар йўналиши" мақомига эга бўлди. Бу ҳақида Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтган тақдимотда маълум қилинганди. Бу янгилик пойтахт ва вилоят марказларига киришдаги тирбандликларни камида 20 фоизга қисқартириш имконини беради.
Шунингдек, Транспорт вазирлиги 1 сентябрга қадар "электропоезд-автобус" ва "электропоезд-метро" йўналишларини бирлаштирувчи ягона тўлов тизими ва қулай тариф режаларини ишга тушириши белгиланган.

Изоҳлар мавжуд емас