Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда жамоат транспорти тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва аҳоли ҳаракатчанлигини ошириш мақсадида шаҳар атрофидаги 12 километргача бўлган ҳудудлар ягона транспорт тизимига бирлаштирилади. Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтган тақдимотда маълум қилинишича, бу янгилик пойтахт ва вилоят марказларига киришдаги тирбандликларни камида 20 фоизга қисқартириш имконини беради.
Ушбу ислоҳот доирасида шаҳар атрофи йўналишлари ҳам "брутто-шартнома" тизимига ўтказилади. Хусусан, Тошкент шаҳрини Назарбек, Минерал сувлар ва Уч Қаҳрамон каби туташ ҳудудлар билан боғловчи 19 та янги йўналиш ташкил этилади. Вилоят марказларида эса бундай йўналишлар сони 79 тани ташкил этади. Йўловчиларга қулайлик яратиш учун "электропоезд – автобус" ва "электропоезд – метро" каби бирлаштирилган тарифлар жорий этилиши режалаштирилган.
Тизимни техник жиҳатдан янгилаш учун ҳудудларга қўшимча 1,5 мингта катта ва ўрта сиғимли автобуслар олиб келинади. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида автобуслар импорти учун утилизация йиғимидан озод қилиш имтиёзи яна икки йилга узайтирилади. Шунингдек, хизмат сифатини ошириш учун ҳар бир автобусга бириктирилган ҳайдовчилар сони 2 нафардан 3 нафарга етказилиб, уларнинг иш тартиби меъёрлаштирилади.
Соҳага сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали йўловчилар оқими мониторинг қилинади ва ҳаракат жадвали оптималлаштирилади. Бу чора бир йўловчини ташиш таннархини 15 фоизгача камайтиришга хизмат қилади. Бундан ташқари, Хива, Шаҳрисабз ва Қўқон каби йирик туризм марказларида "яшил транспорт" йўналишларини ривожлантириш бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқилиши белгиланди.
Аввалроқ Тошкент шаҳрида 2026 йил 27 апрелдан бошлаб жамоат транспорти тизимида ўзгаришлар жорий этилиши ҳақида хабар берган эдик.

Изоҳлар мавжуд емас