Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Мухбиримиз маълум қилишича, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шахноза Равшанова Тошкентда бўлиб ўтган брифингда ўзбекистонликларнинг саволларига жавоб берди.
- 24 март куни таътилга чиққан ходим 16 апрель куни ишга бориши керак. Аммо карантин вазияти ўша пайтгача яхшиланмаган бўлса-чи? Ходим ўз ҳисобидан таътилга юбориладими?
- Агар вазият 16 апрелга қадар яхшиланмаса, ходим иш берувчи билан келишиб олиши ва фаолият турига қараб масофадан ишлаши, тўлиқсиз иш кунига ўтиши ёки ўз ҳисобидан таътилга чиқиши мумкин. Буларнинг барчаси ходим ва иш берувчининг розилиги ва келишуви билан амалга оширилади.
- Менинг отам болалар боғчасида қоровул бўлиб ишлайди, унинг сменаси 12 соат давом этади. Аммо иш берувчи карантин туфайли 18 соат ишлашни талаб этмоқда. Иш берувчи иш вақтини узайтиришга ҳақлими ва у қўшимча иш ҳақи тўлаши лозимми?
- Меҳнат кодексига кўра, ходим кунига 12 соатдан ортиқ ишлаши мумкин эмас. Агар иш берувчи ходимни 18 соат ишлашга мажбурласа, у қонун бўйича жавобгар бўлади.
-Икки фарзандли ота-оналар ёки васийларга карантин даврида тўланадиган таътил берилиши ҳақида айтилган эди. Менинг икки нафар ёш фарзандим бор. Аммо ушбу қарор қабул қилинган пайтга қадар мен ўз ҳисобимдан таътилга чиққан эдим. Бундай вазиятда нима қилишим керак?
- Меҳнат қонунчилигига биноан иш берувчи ўз ходимининг розилигисиз ўз ҳисобидан таътилга юбориши мумкин эмас. Бундай ҳолда, у қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Яна бир муҳим жиҳатга эътибор бериш лозим: агар сиз январь, февраль ёки март ойларида 2020 йил учун белгиланган таътилдан фойдаланган бўлсангиз, сизга қайтадан тўланадиган таътил берилмайди. Бундай вазитда сиз иш берувчи билан келишиб, масофадан туриб ишлашингиз, тўлиқсиз иш кунига ўтишингиз ёки ўз ҳисобингиздан таътил олишингиз мумкин. Қандай бўлмасин, буларнинг барчаси сизнинг розилигингиз билан амалга оширилади.
- Ҳозирги карантин даврида болалар боғчалари ишламаслиги учун менинг 3 ёшли болам уйда. Уни парвариш қиладиган ҳеч ким йўқ, чунки мен ҳар куни ишга бораман. Айрим пайтларда болани ўзим билан ишга олиб боришга тўғри келади. Ишлайдиган оналар имтиёзлар мавжудми?
- Албатта. Президентнинг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорининг 18-бандида бу ҳақида аниқ айтилган.
Мактабгача ёки кичик мактаб ёшидаги болалари бўлган ишлайдиган она ёки оталарга иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишув асосида меҳнат таътилининг жадвалидан қатъий назар фойдаланилмаган ҳар йилги тўланадиган таътил берилади. Ушбу қоида ташкилотдаги иш стажи 6 ойдан кам бўлган ходимларга ҳам тегишли.
Агар ходим карантингача йиллик таътилни олган бўлса ёки карантин даврида йиллик таътилни олишни истамаса, иш берувчи унинг розилиги билан тўланмайдиган таътил беришга, тўлиқсиз иш кунига ўтказишга ёки масофадан туриб ишлашга ўтказишга ҳақли.
Изоҳлар мавжуд емас