Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Болгарияда ишчи кучи танқислиги ортиб бораётгани сабабли мамлакат сўнгги уч йилда 108 мингдан ортиқ чет эллик ходимни ишга жалб қилди. Бу ҳақда мамлакат меҳнат ва ижтимоий сиёсат вазири Наталия Ефремова маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Болгарияда ишсизлик даражаси 2,8–3,2 фоиз атрофида бўлса-да, ишсизларнинг қарийб ярми етарли малакага эга эмас. Шу боис иш берувчилар зарур мутахассисларни хориждан жалб қилишга мажбур бўлмоқда.
2026 йилда мамлакатга Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлардан келаётган меҳнат муҳожирлари сони рекорд даражага чиқиши кутилмоқда. Улар асосан Ўзбекистон, Индонезия, Непал ва Ҳиндистондан келмоқда.
Болгария Миллий бандлик агентлиги маълумотига кўра, жорий йилнинг март ойига қадар мамлакатда 18 989 нафар янги чет эллик иш бошлаган. Йил якунига бориб бу кўрсаткич 2025 йилдаги 49 179 нафарлик рекорддан ҳам ошиб кетиши прогноз қилинмоқда.
Жумладан, Болгариянинг иккинчи йирик шаҳри Пловдивда Ўзбекистон ва Ҳиндистондан келган тахминан 150 нафар ҳайдовчи жамоат транспортида иш бошламоқда. Бу қарор маҳаллий ҳайдовчиларнинг қариб бораётгани ва кадрлар етишмаслиги билан изоҳланмоқда.
Маълум қилинишича, Болгариядаги иш ҳақи Осиё давлатларига нисбатан анча юқори. Масалан, Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи тахминан 424 еврони ташкил этса, Болгарияда энг кам иш ҳақи 620 евро миқдорида белгиланган. Шу боис мамлакат меҳнат муҳожирлари учун жозибадор йўналишлардан бирига айланган.

Изоҳлар мавжуд емас