Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда сохта ҳужжатлар ва қалбаки фискал чеклар орқали миллиардлаб сўмлик кешбек маблағларини ноқонуний ундириб олмоқчи бўлган йирик тизимли фирибгарлик схемаси фош этилди. Солиқ қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида яширин иқтисодиётнинг ушбу занжири бартараф этилиб, давлат бюджети пулларини талон-торож қилишга бўлган уринишларнинг олди олинди.
Суриштирувларга кўра, фуқаро 2026 йилнинг ўзида учта масъулияти чекланган жамият ташкил қилган. Тизимдаги шубҳали ҳаракатлар текширилганда, ушбу корхоналар атиги бир куннинг ичида — шу йилнинг 16 май куни миллиардлаб сўмлик "қоғоздаги" савдо-сотиқни амалга оширгани аниқланган. Хусусан, бир кунда ўзининг бир компаниясидан 585,7 миллиард сўмлик,бошқасидан эса қарийб 554,5 миллиард сўмлик "сариқ ёғ" маҳсулотини кирим қилганини расмийлаштирган.
Бироқ, солиқчилар ушбу корхоналарда тўсатдан сайёр текширув ўтказганда, ҳужжатларда "сотилмай омборда турибди" деб кўрсатилган жами 1 триллион 140 миллиард 200 миллион сўмлик маҳсулотнинг аслида умуман йўқлиги, яъни улкан ҳажмдаги камомад юзага келгани фош бўлган. Бундан ташқари, ушбу тизимга алоқадор бўлган бошқа ҳамкор корхоналарда ҳам миллиардлаб сўмлик ҳужжатлаштирилмаган товарларни ноқонуний сотиш ҳолатлари аниқланган.
Ҳозирда солиқ органлари ушбу шубҳали занжир орқали сохта кешбек ундириш схемасини бутунлай чеклаб қўйган. Мазкур йирик иқтисодий жиноят бўйича тўпланган барча ҳужжатлар айбдорларга нисбатан қонуний чора кўриш ва жиноий иш қўзғатиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда 1 фоизлик солиқ кешбеки тизимидан босқичма-босқич воз кечиш ва унинг ўрнига чек олганлар ўртасида автомобиль ҳамда бошқа қимматбаҳо совғалар ўйналадиган давлат лотереяларини жорий этиш таклиф қилингани ҳақида маълум қилган эдик.

Изоҳлар мавжуд емас