Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик доирасида йўлга қўйилган "Андижон тажрибаси" эндиликда бутун республика бўйлаб кенг жорий этилади.
Шу вақтга қадар Андижон ва Витебск вилоятлари ўртасидаги шериклик доирасида 255 нафар андижонлик Витебскка ишга жойлаштирилган. Бу модел эндиликда мамлакатимизнинг яна 7 та ҳудуди — Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Тошкент, Фарғона ва Самарқанд вилоятлари Беларуснинг 5 та йирик вилоятига тўғридан-тўғри бириктирилади.
Бу тизим нафақат ишчи кучи миграциясини тартибга солиш, балки ҳудудлараро тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам хизмат қилиши режалаштирилмоқда. Келишувга кўра, Ўзбекистоннинг ушбу вилоятларидан камида 30 нафардан етакчи тадбиркор Беларусга бориб, маҳаллий ҳамкорлар билан биргаликда янги қўшма инвестиция лойиҳаларини йўлга қўяди.
Бу эса икки давлат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш имконини беради.
Бироқ бундан олдин Андижон вилоятидан ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси дастури доирасида Беларуснинг Витебск вилоятига ишлашга юборилган бир гуруҳ ўзбекистонлик ишчилар вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга видеомурожаат йўллаб, оғир яшаш шароити ва паст маошдан шикоят қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас