Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Беларусга ишлашга борган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг шароити ёмонлиги акс этган видеолавҳалар тарқалиб, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди. Вазиятга аниқлик киритиш мақсадида ушбу видео муаллифи бўлган юртдошимиз махсус видеомурожаат билан чиқди ва тармоқ фаолларидан бу видеоларни зудлик билан ўчириб юборишни илтимос қилди.
Мурожаат йўллаган ишчининг тушунтиришича, мазкур видео улар Беларусга етиб борган илк куни, ҳали иш жараёни ва шароитлар тўлиқ йўлга қўйилмаган бир пайтда тасвирга олинган. У видеони фақатгина Беларусдаги ўзбекистонликлар гуруҳига вазият билан ўртоқлашиш мақсадида ташлаганини, бироқ ижтимоий тармоқларда бу вазият мутлақо нотўғри талқин қилиниб, бўрттириб юборилганини таъкидлаган.
Айни пайтда иш берувчилар томонидан барча ташкилий ва маиший масалалар тўлиқ ҳал этилган. Ишчилар билан 700 долларлик маош кўрсатилган расмий меҳнат шартномалари имзоланган бўлиб, улар учун яшаш жойи (квартира) ва озиқ-овқат бутунлай бепул қилиб берилган. Ҳозирда барча юртдошларимиз тиббий кўрикдан ўтиб, тўлиқ таркибда иш фаолиятини бошлаб юборишган ва яратилган шароитлардан мамнун.

Изоҳлар мавжуд емас