Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Андижон ва Сирдарё вилоятларида ҳоким ёрдамчилари ҳамда тадбиркорлар иштирокида аҳоли учун ажратилган имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштириш билан боғлиқ навбатдаги фирибгарликлар фош этилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан жами учта ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Хусусан, Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида ўтказилган текширувда икки корхона раҳбарлари, "Қайирма" маҳалласи ҳоким ёрдамчиси ҳамда бошқа шериклар ўзаро тил бириктиргани аниқланган. Улар фуқароларга иссиқхона фаолиятини кенгайтириш учун ажратилган 442,3 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағларини қўлга киритишган. Бунинг учун хизмат кўрсатувчи корхоналар аслида бажармаган ишларни ҳужжатларда "бажарилди" деб сохта расмийлаштиришган.
Худди шундай схема Андижон шаҳрида ҳам кузатилган. Андижондаги корхона раҳбари ҳамда "Форобий" маҳалласи собиқ ҳоким ёрдамчиси фуқаролар номига ажратилган 163 миллион сўмлик имтиёзли кредит пулларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб юборишган.
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида ўтказилган ўрганишлар давомида эса "Тошкент" маҳалласи собиқ ҳоким ёрдамчиси ва унинг шериклари назоратга тушган. Улар 8 нафар фуқаро номига ажратилган 248 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағларини таъминотчи корхоналар орқали ноқонуний равишда нақдлаштириб, талон-торож қилгани маълум бўлган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас