Загрузка
Загрузка
Чегара билмас қўшнилар. Хитойлик тадқиқотчи чин юртида ўзбек тилини ўқитишни йўлга қўймоқчи
Жамият

Чегара билмас қўшнилар. Хитойлик тадқиқотчи чин юртида ўзбек тилини ўқитишни йўлга қўймоқчи

194
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Бугунги кунда кўплаб Ўзбекистон фуқаролари хитой тилини ўрганишга қизиқиш билдирмоқда. БМТнинг олтита расмий тилларидан бири бўлган ушбу тил, айниқса, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик тобора жадаллашиб бораётган бир шароитда катта истиқболларни яратишга қодир. Ўз навбатида, хитойликлар ҳам мамлакатимизни тил орқали ўрганиш ва тушунишга интилмоқда. Улардан бири, 43 ёшли Да Чжэньсинь яқинда Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ўзбек мақоллари бўйича диссертацияни (PhD) ҳимоя қилди. Ўзбекистонга келиб, олти йил давомида у ўзбек тилини аввалбошданоқ ўрганди, ўзбек халқининг мақолларини хитойликларники билан қиёслади. Шунингдек, шу вақт ичида у ўзининг уч миллион сўз ва иборадан иборат ўзбекча-хитойча луғатини тузди. Тадқиқотчи ўз юртига қайтиб бориб, ватандошларига ўзбек тилини ўргатишни режалаштирган.

Ўзбекистон билан танишув ва иккинчи исм 

Да Чжэньсинь Хитойдаги талабалари сабаб бўлиб, ўзбек тили ва маданияти билан яқиндан танишди. 2015 йилда мамлакатимизга келиб, ўзбек тилини жадал ўрганишни бошлади. Орадан бир йил ўтиб, Тошкент ўзбек тили ва адабиёти университети очилгач, ўқишни шу ерда давом эттиришга ва докторлик даражасини олишга аҳд қилди.

333333333.jpg

“Мен хорижлик талабаларга хитой тилидан сабоқ берар эдим. Улар орасида ўзбекистонлик ёшлар ҳам бор эди. Биз тез-тез турли мавзуларда суҳбатлашар, улар ўз юртларининг маданияти ва анъаналари, тил ўрганиш учун яратилган шароитлар ҳақида гапириб беришар эди. Мен уларнинг ҳикояларидан жуда таъсирландим. Қолаверса, ўзбек мақолларига меҳрим тушди. Улар менинг докторлик диссертациямнинг мавзусига айланди”, — дея ўртоқлашди суҳбатдошимиз.

Ўзбекистонда биринчи йиллар оғир кечган, деб таъкидлади тадқиқотчи. Аммо унга танишлари: талабалар ва хитой тили ўқитувчилари ёрдам беришган. Ўзбекистонда унга ўзбекча исм, ҳақиқий исмига ўхшаш бўлган Тожиддин исмини беришди.

“Дастлабки даврларда юртнинг маданияти, турмуш тарзи, урф-одатлари ва қонунларини билмаганим учун ўз фикримни ифодалаш ва янги жамиятга мослашиш мен учун қийин бўлди. Бироқ бу ерда маълум муддат яшаб, озми-кўпми тилни ўргангач, бутунлай кўникдим. Орадан бироз вақт ўтгач, мен ҳатто ватандошларим – инвесторлар, талабалар ва сайёҳларга ёрдам бера бошладим. Уларга бир қанча ҳужжатларни таржима қилдим, ўзини тутиш қоидалари ва урф-одатларини ўргатганман”, — дейди Тожиддин. 

Дунёда оддий ишнинг ўзи йўқ 

Бугун Чжэньсинь-Тожиддин ўзбек тилида равон, тутилмай гапиради. Бунга кўп меҳнат қилиш орқали эришди. Шу билан бирга, суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, тилларни ўрганиш осон иш эмас, чунки уларнинг ҳар бири ўзига хос хусусиятларга эга.

photo_2023-07-08_15-13-17.jpg

“Хитой тилининг чет элликлар учун қийинлиги шундаки, унда иккита ёзув тизими мавжуд – идеографик ва фонографик. Яъни, битта сўз ҳам иероглиф, ҳам ҳарф билан ёзилиши мумкин. Турли тизимларда бир хил сўзларнинг ёзилиши ва талаффузи фарқланади. Бундан ташқари, фақат иккита сўзни англатувчи 290 минг иероглифни ўрганишингиз керак. Бу ҳақиқатан ҳам қийин”, – дейди у.

Хитойлик талабалар учун ўзбек тилининг талаффузи қийин. Хитой тилида “р”, шунингдек, “ў”, “қ”, “ғ” ҳарфлари мавжуд эмас.

““Туғри” ва “тадқиқот” каби сўзлар хитойликлар талаффуз қилиши учун, эҳтимол, энг қийин сўзлар бўлса керак.

Мен Шинжонда туғилиб ўсганман, шунинг учун ўзбек тилига ўхшаш бўлган уйғур тилини озгина биламан”, — дейди тадқиқотчи.

photo_2023-07-08_15-13-19 (2).jpg

Бундан ташқари, унинг қўшимча қилишича, хитой тилида деярли барча сўзлар бир бўғинли. Ўзбек тилида бир неча бўғиндан ташкил топган сўзлар жуда кўп. Улардан баъзилари жуда узун ва хитойликларга уларни ўқиш жуда қийин. Масалан, “алмаштирилган” сўзи. Қолаверса, ўзбек тилининг мураккаблиги унинг грамматикасида мужассам. Хитой тилида суффикс, яъни сўз ясовчи қўшимчалар мавжуд эмас, лекин ўзбек тилида улар бисёр.

“Ҳар бир халқ ўзи сўзлашаётган тилга ўз маданиятидан улуш қолдиради. Ўзбек тили туркий тиллар гуруҳига киради. Халқларимиз мақолларини ўрганар эканман, турмуш тарзимиз, дунёқарашимиз бир-биридан қанчалик фарқланиши, айни пайтда қандай ўхшаш жойларимиз ҳам борлигини англадим, – деди Тожиддин. 

Устоз толиб ҳақида 

Чжэньсиннинг илмий раҳбари, профессор Саодат Муҳамедова шогирдининг сўнгги йилларда амалга оширган улкан ишларини эътироф этди.

“Тожиддин билан танишганимизда дунёқараши, тил билиши, қизиқишлари қандай эканини билиш мақсадида у билан узоқ суҳбатлашдим. У жуда ижодкор ва меҳнатсевар йигитга ўхшади. Ўзбек маданияти, ўзбек халқи тарихига жуда қизиқар, ўзбек тилининг тарихи ва бугунги ҳолати билан боғлиқ илмий изланишлар олиб боришни хоҳларди. Илмий изланишида у ўзбек ва хитой тилларидаги халқ мақолларини солиштиришга қарор қилди. Бу вақт ичида у жуда кўп материаллар тўплади ва уларни синчиклаб ўрганди”, — дейди Саодат Муҳамедова.

photo_2023-07-29_09-36-15.jpg

Устознинг таъкидлашича, ўқувчиси танлаган мавзу жуда долзарбдир. Дастлабки тадқиқотчилар мақолларни адабиёт нуқтаи назаридан тадқиқ қилганлар, лекин у уларнинг лингвомаданий жиҳатини ҳам ўрганди. Масалан, ўхшаш мақоллар ўзбек тилида бир маънога эга бўлса, хитой тилида бутунлай бошқача маъно касб этиши мумкин, чунки динимиз, маданиятимиз, қадриятларимиз турлича.

“Қайсидир паллада унга тадқиқот олиб бориш қийин бўлиб қолди. Ўзбекча-хитойча ва хитойча-ўзбекча яхши луғат йўқлигини айтди. Бу кўплаб тадқиқотчилар учун тўсиқ бўлган. Шу тариқа, унинг ўзи номзодлик диссертациясини ёзиш билан бир қаторда, ўзбекча-хитойча луғатни ҳам тузишга қарор қилди. Унинг ишининг натижаси уч миллион сўз ва иборадан иборат улкан луғат бўлди”, – дейди профессор ўз талабаси билан ғурурланиб.

Бу луғат Тожиддинга параллел равишда олиб бораётган таржима фаолияти учун жуда зарур эди. Шу вақт ичида у Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, божхона масалаларини ҳал этиш, компания очиш, сармоя киритишга қарор қилган хитойлик ишбилармонларга ёрдам бериши мумкин бўлган қонунлар, кодекслар ва бошқа меъёрий ҳужжатлардан энг зарур 30 тасини таржима қилди.

photo_2023-07-08_15-13-18.jpg

“Олти йил давомида у ўзбек тилини жуда яхши ўрганди ва ҳозирда равон гапиряпти. Шунинг учун диссертацияни инглиз тилида ҳимоя қилишни таклиф қилганимда, у рад жавобини берди. Фақат ўзбек тилида ҳимоя қилишини айтди. У ўз тадқиқотини хитой тилидан ўзбек тилига таржима қилди, номзодлик диссертациясини ҳимоя қилишнинг барча жараёнлари ўзбек тилида кечди. Шу вақт ичида у қанчалик ўсганини тасаввур қиляпсизми: тилни аввалбошдан ўрганиб, бутунлай ўзга тилда илмий ишни ҳимоя қилиш даражасига етди!”, – таъкидлади Муҳамедова. 

“Иннайкейинчи?” 

“Ўзбекистонга нима учун келганимга кўпчилик ҳайрон бўларди. Лекин ажабланарли жиҳатни мен кўрмаяпман. Хитой ва Марказий Осиё – қўшни давлатлар. Шундай бўлса-да, биз ушбу минтақадаги давлатларнинг тилларини деярли билмаймиз. Илгари биз кўпроқ инглиз, француз, немис ва рус тилларини ўрганардик. Хитойда бу мамлакатлар тили ва маданиятини ўрганмоқчи бўлганларга ёрдам бериши мумкин бўлган яхши луғатлар, дарсликлар ва текстбуклар бизда бўлмасди”, - дейди Тожиддин.

У бугунги кунда Хитойнинг учта университетида ўзбек тили ўқитилаётганини айтди. Бу эса жуда қувонарли, чунки мамлакатлар ўртасидаги ўзаро алоқалар жадал ривожланмоқда ва биз алоқаларни ўрнатишимиз керак. Бунинг учун энг яхши восита нима бўлиши мумкин? Суҳбатдошимиз албатта, тил эканига ишонади.

Сентябрь ойидан бошлаб Тожиддин хитойлик талабаларга ўзбек тилини ўргатишни бошлаган. Келгусида ўзбек адибларининг машҳур асарларини хитой тилига таржима қилишни режалаштирган.

“Шунингдек, Ўзбекистонга келаётган хитойлик талабалар, инвесторлар ва бошқалар учун қонун ва меъёрий ҳужжатларни таржима қилиш, уларга маслаҳатлар бериш, ўзбек халқининг маданияти ва турмуш тарзи билан таништиришда ёрдам беришга ҳаракат қиламан”, — дея хулоса қилди тадқиқотчи.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...