Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Туркиянинг Қаҳрамонмараш шаҳрида жойлашган "Айсер Чалик" ўрта мактабида содир этилган қуролли ҳужум оқибатида 4 нафар инсон ҳалок бўлди, 20 киши турли даражада жароҳат олди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Мукеррем Унлюер маълум қилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумчи 8-синф ўқувчиси бўлиб, у мактабга 5 та қурол ва 7 та ўқдон (магазин) билан келган ҳамда икки синфхонада ўқ отган. Унинг отаси собиқ ҳуқуқ-тартибот органи ходими экани айтилмоқда.
Ҳужум вақтида синф хоналарида қолиб кетган ўқувчиларнинг бир қисми эшикларни ичкаридан тўсиб (баррикада қилиб) жон сақлашга уринган бўлса, баъзилари қуролланган шахсдан қочиш учун бинонинг юқори қаватларидаги деразалардан пастга сакрашга мажбур бўлган.
Бу Туркияда сўнгги икки кун ичида мактабга қилинган иккинчи ҳужум ҳисобланади. Бир кун аввал Шанлиурфа вилоятида собиқ ўқувчи мактабга бостириб кириб, 18 нафар инсонга жароҳат етказган ва кейинчалик ўз жонига қасд қилган эди.
Мамлакат бўйлаб барча таълим муассасаларида хавфсизлик чораларини кучайтириш бўйича фавқулодда кўрсатмалар берилган.
Расмийлар ҳолат юзасидан текширув ишларини бошлаган.

Изоҳлар мавжуд емас