Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбек миллий театр ва кино санъати оғир жудоликка учради. Ўзбекистон давлат драма театрининг маҳоратли актрисаси, кўплаб бетакрор образлар муаллифи Доно Бобохонова 80 ёшида вафот этди.
Доно Бобохонова ўзининг узоқ йиллик ижодий фаолияти давомида ўзбек саҳна санъати ривожига беқиёс ҳисса қўшган санъаткорлардан бири эди. У асосан Ўзбекистон давлат драма театридаги фаолияти орқали томошабинлар қалбидан чуқур жой олган. Актриса яратган драматик ва характерли образлар ўзининг ҳаётийлиги ҳамда самимийлиги билан ажралиб турарди.
У театр спектаклларида "Дийдор"да Оймомо, "Ўн саккиз ёшлигим"да Муҳаббат, "Биринчи бўса"да Чарос, "Учинчи орзу"да Вера, "Қайтар дунё"да Хатира, "Чеча"да она каби бир қатор ерқин ролларни ижро этган,
Доно Бобохонова нафақат театрда, балки кинода ҳам ўзига хос турфа ролларни маромига етказиб ижро этган: "Бозор кўрмаган йигит"да она, "Аразласанг, ўламан"да қайнона, "Чол ва набира"да Собира, "Тилим қурсин"да совчи ва бошқалар шулар жумласидандир.
Унинг ижросидаги роллар ўзбек аёлининг ички дунёси, матонати ва нафосатини очиб беришга хизмат қилган. Давлатимиз томонидан санъаткорнинг хизматлари муносиб баҳоланиб, унга "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист" фахрий унвони берилган эди
Марҳуманинг вафоти муносабати билан таҳририятимиз номидан яқинлари ва оила аъзоларига ҳамдардлик билдирамиз.

Изоҳлар мавжуд емас