Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сирдарёда судья ва банк ходими пора билан қўлга тушгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳолат юзасидан "Агробанк" банки расмий муносабат билдирди. Маълум қилинишича, ҳолат бўйича 2026 йил 13 апрель куни жиноят иши қўзғатилган ва айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Банк маълумотига кўра, ушбу воқеа доирасида "Агробанк" Бошқаруви қарори билан комплаенс назорати, коррупцияга қарши курашиш бошқармаси ҳамда юридик департамент ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, хизмат текшируви тайинланган.
Дастлабки ўрганишлар натижасида хабарларда тилга олинган ҳолатлар банк фаолияти ва ваколатлари доирасига тааллуқли эмаслиги аниқланган. Шунингдек, "банк ходими" сифатида кўрсатилаётган шахс воқеа содир бўлган вақтда меҳнат таътилида бўлгани маълум қилинган. У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Сирдарё вилояти иқтисодий суди судьясига пора бериш жараёнида ушланган.
Банк расмийлари тергов якунланмагунча шахсларнинг айбдорлик даражасига ҳуқуқий баҳо берилмаслигини таъкидлаб, тасдиқланмаган маълумотларни тарқатиш банкнинг ишчанлик обрўси ва халқаро ҳамкорлар олдидаги ишончга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини билдирган.
"Агробанк" ўз фаолиятида қонунийлик, очиқлик ва шаффофлик тамойилларига амал қилишини қайд этиб, барча ноқонуний ҳаракатларга нисбатан муросасиз муносабатда эканини маълум қилган. Шу билан бирга, банк томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан тўлиқ ҳамкорлик таъминланаётгани қўшимча қилинган.

Изоҳлар мавжуд емас