Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда аҳолига маиший газ баллонларини етказиб бериш тартиби ўзгартирилди. Янги қоидаларга кўра, 2026 йил 1 июндан бошлаб фуқаролар газ баллони олиш учун фақат Давлат хизматлари марказлари ёки онлайн портал орқали мурожаат қилади.
Ҳукуматнинг 2026 йил 17 апрелдаги 180-сонли қарорига мувофиқ, суюлтирилган газ таъминоти тизими рақамлаштирилган. Бу, айниқса, табиий газ тармоғига уланмаган ҳудудларда яшовчи аҳоли учун хизматларни соддалаштириш ва шаффофликни таъминлашга қаратилган.
Мурожаатлар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади. Ариза топширилгандан сўнг маълумотлар E-gaz ахборот тизимига киритилади ва бир иш куни давомида текширилади.
Шундан кейин уч иш куни ичида мутахассислар фуқаронинг манзилига чиқиб, жойида ўрганиш ўтказади ҳамда тегишли далолатнома расмийлаштиради. Ижобий хулоса берилган тақдирда, фуқаро билан газ баллонидан фойдаланиш ва етказиб бериш бўйича шартнома тузилади.
Янги тартибнинг яна бир муҳим жиҳати — етказиб бериш жараёни. Face ID тизими орқали шахсни тасдиқлаш амалга оширилгандан сўнг, 12 иш куни ичида битта маиший газ баллони бепул етказиб берилади.
Олдинроқ Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясида газлашмаган ҳудудларда газ балонларидан фойдаланишни чеклаш ташаббуси муҳокамалар давомида танқидга учрагани ҳақида маълум қилган эдик. Айрим депутатлар бу таклиф ҳаётий шароитларга мос келмаслигини таъкидлаганди.

Изоҳлар мавжуд емас