Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йил 9 июль куни Халқаро астрономия жамиятининг Кичик жисмлар бўйича қўмитаси (WGSBN) ўзбекистонлик икки нафар астроном олимнинг номини коинотдаги кичик сайёраларга (астероидларга) бериш бўйича расмий қарор қабул қилди. Ушбу эътирофга Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институти ходимлари Камолиддин Эргашев ва Отабек Бурхонов сазовор бўлишди.
Янги номлар ташкилот бюллетенида расман эълон қилинди ва эндиликда мазкур осмон жисмлари халқаро астрономик каталогларда қуйидагича юритилади:
-
(131358) Kamolergashev — дастлаб 2001 KA2 коди остида 2001 йил 19 майда Чехиянинг Ондржеёв (Ondřejov) обсерваториясида кашф этилган. Астрономия институти катта илмий ходими Камолиддин Эргашев шарафига номланган. Олим 2007 йилдан бери институтда ишлаб келмоқда, 2024 йилда фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олган. У астероидлар фотометрияси, уларнинг физик хусусиятлари ва астероид тизимларини кузатиш билан шуғулланади.
-
(121339) Otabekburkhonov — дастлаб 1999 TO15 коди билан 1999 йил 13 октябрда чех астрономлари томонидан топилган. Астрономия институти лаборатория мудири Отабек Бурхонов шарафига номланган. Олим институтда 2000 йилдан буён фаолият юритади, 2005 йилда фан номзоди илмий даражасини олган. У оптик фотометрия, ўзгарувчан юлдузлар, квазарлар ҳамда Майданак обсерваториясида гамма-чақнашларни тадқиқ қилади.
Астероидларга олимлар исмининг берилиши уларнинг илм-фан ривожига қўшган ҳиссасини халқаро миқёсда эътироф этишнинг ўзига хос шакли ҳисобланган. Тасдиқланган ушбу номлар халқаро астрономик номенклатурага киритилиб, келгусидаги илмий мақолалар, каталоглар ва эфемеридаларда расмий ном сифатида қўлланилган.
Икки астрономнинг номи коинот объектларига берилиши Ўзбекистон астрономияси учун фахрли воқеага айланган. Фанлар академияси ва Астрономия институти жамоаси Камолиддин Эргашев ҳамда Отабек Бурхоновни ушбу юксак эътироф билан қутлаб, уларга янги муваффақиятлар тилаган.

Изоҳлар мавжуд емас