Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 2026 йилнинг биринчи ярмида тафтиш тартибида кўриб чиқилган ишлар юзасидан суд амалиёти таҳлилини эълон қилди. Ҳужжатда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан ишларни кўриш сифати ҳамда қарорлар барқарорлиги етарли даражада эмаслиги кўрсатиб ўтилган.
Гап вилоят судлари чиқарган барча қарорлар ҳақида эмас, балки тарафлар норози бўлиб Олий судгача олиб чиққан ва тафтиш инстанциясида мазмунан кўриб тамомланган ишлар ҳақида бормоқда. Манбага кўра, Олий судга келиб тушган 4,5 мингга яқин шикоятдан мажлисда кўриб чиқилган 397 та жиноят иши бўйича чиқарилган суд қарорларининг деярли ярми (49,2 фоизи) бекор қилинган ёки ўзгартирилган.
Тафтиш тартибида қайта кўриб чиқилган жиноят ишлари орасида айнан қуйидаги вилоят судларининг қарорлари энг кўп ўзгартирилган:
-
Қашқадарё вилояти суди — 57,1 фоиз;
-
Навоий вилояти суди — 53,3 фоиз;
-
Андижон вилояти суди — 36 фоиз. (Таққослаш учун: Бухоро вилоят судининг Олий судгача етиб борган қарорлари орасида бу кўрсаткич бор-йғи 4 фоизни ташкил этган).
Шунингдек, Олий судда қарорлари энг кўп бекор қилинган жиноят судлари орасида Ҳарбий суд (52,4 фоиз), Қорақалпоғистон Республикаси суди (35,7 фоиз), Тошкент шаҳар (30 фоиз) ва Сурхондарё вилояти (27,3 фоиз) судлари юқори кўрсаткич қайд этган.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича Олий судгача етиб борган ишларда ҳам шунга ўхшаш манзара кузатилган. Бу тоифадаги кўриб чиқилган ишлар бўйича қарорларнинг бекор қилиниши Андижон (36,4 фоиз), Фарғона (29,7 фоиз) ва Тошкент (29,2 фоиз) вилоятлари судларида, қарорларнинг ўзгартирилиши эса Навоий (44,4 фоиз) ва Қашқадарё (31,5 фоиз) вилоятлари судларида энг юқори бўлган.
Олий суд таҳлилида таъкидланишича, қуйи инстанцияларда далиллар синчковлик билан текширилмагани ва айбсизлик презумпциясига риоя қилинмагани сабабли, Олий суднинг ўзида 24 нафар шахс жиноят ишлари бўйича, 54 нафар шахс эса маъмурий ишлар бўйича тўлиқ оқланган.
Маълумот учун, 2026 йилнинг дастлабки олти ойида Ўзбекистон судлари томонидан 11 минг 703 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Изоҳлар мавжуд емас