Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари вазири Трой Мейнк орбитада космик қурол жойлаштирилгани ҳақида баёнот берди. Ушбу расмий ахборот Вашингтон узоқ йиллар давомида Хитой ва Россиянинг фазодаги таҳдидларидан хавотир билдириб келган бир пайтда хорижий нашрларида эълон қилинган.
Вазир орбитадаги қуролнинг аниқ турига тўхталмаган бўлса-да, аноним манбалар ушбу тизим АҚШ объектларига таҳдид солувчи душман сунъий йўлдошларини йўқ қилишга мўлжалланганини билдирган.
Трой Мейнкнинг таъкидлашича, бу борадаги маълумотларнинг ошкор қилиниши душман ҳаракатларининг олдини олиш ва уларни тийиб туриш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, АҚШ келажакдаги "Олтин гумбаз" ракетага қарши мудофаа тизимининг бир қисми сифатида 4 қатламдан иборат космик ва қуруқликдаги ҳимоя тармоғини ишлаб чиқмоқда. Умумий қиймати 175 миллиард доллар деб баҳоланаётган ушбу лойиҳага АҚШ Конгресси томонидан 25 миллиард доллар ажратилган бўлиб, 2026 йилда яна 45,3 миллиард доллар йўналтирилиши кўзда тутилган.
Аввалроқ АҚШ Космик Ҳарбий-ҳаво кучлари SpaceX компанияси билан ҳимояланган юқори тезликдаги сунъий йўлдош алоқа тизимини ишлаб чиқиш бўйича 2,29 миллиард долларлик қатъий нархдаги шартномани расмийлаштирганди.

Изоҳлар мавжуд емас