Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда пенсия ёшини босқичма-босқич ошириш таклиф этилмоқда. Унга кўра, эркаклар учун пенсия ёшини амалдаги 60 ёшдан 63 ёшгача, аёллар учун эса 55 ёшдан 58 ёшгача ошириш режалаштирилмоқда.
15 сентябрь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ҳужжат лойиҳасига кўра, пенсия ёшини 2028 йилдан бошлаб ҳар йили уч ойга ошириб бориш таклиф этилмоқда. Шу тариқа янги пенсия ёшига тўлиқ ўтиш 2039 йилга келиб якунланиши режалаштирилган. Ҳозирча бу фақат ҳужжат лойиҳаси бўлиб, якуний қарор қабул қилинмаган. Муҳокамалар 30 сентябрга қадар давом этади.
Шу билан бирга, пенсия ёшига яқинлашган фуқаролар учун қатор кафолатларни сақлаб қолиш таклиф этилмоқда. Жумладан, ёшнинг ўзи ишга қабул қилиш ёки ишдан бўшатиш учун сабаб бўлмаслиги белгиланмоқда. Айрим шартларга кўра, ишсиз фуқароларга белгиланган пенсия ёшидан икки йил олдин пенсияга чиқиш имконияти берилиши мумкин.
Амалдаги солиқ, транспорт ва тиббий имтиёзларни ҳозирги пенсия ёши — эркаклар учун 60 ёш, аёллар учун 55 ёшдан бошлаб сақлаб қолиш ҳам кўзда тутилмоқда. Шунингдек, фуқароларга ушбу ёшдан жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағларини олиш ҳуқуқини бериш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, пенсия тайинлаш учун зарур бўлган энг кам иш стажини ҳозирги етти йилдан 2034 йилга келиб 15 йилгача босқичма-босқич ошириш таклиф этилмоқда.
Ер ости ишларида, шунингдек, зарарли ва оғир меҳнат шароитларида тўлиқ иш куни давомида ишлайдиган ходимлар учун алоҳида имтиёзлар сақланиши кўзда тутилган. Уларда пенсияга чиқиш ёши эркаклар учун 50–55 ёш, аёллар учун 45–50 ёш даражасида сақлаб қолиниши таклиф этилмоқда.
Яна бир чора сифатида катта ёшли ходимлар учун қисқартирилган иш вақти жорий этиш таклиф қилинмоқда. 2027 йил 1 январдан бошлаб 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркакларга ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қисқартирилган иш вақти белгиланиши мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас