Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг кичик қизи Лола Каримова-Тиллаева турмуш ўртоғи, тадбиркор Темур Тиллаев билан ажрашганини маълум қилди. Бу хабар ортидан жуфтликка тегишли бўлган Беверли-Ҳиллздаги машҳур "Le Palais" қасрининг 2024 йилда 36 миллион долларга сотилгани ҳақидаги маълумотлар яна эътибор марказига тушди.
Лола Каримова-Тиллаева Instagram саҳифасида ўзини ўзи гуллар билан қувонтираётганини, ўзини танлаганини ва ажримни ижобий қабул қилаётганини таъкидлади. Унинг ёзишича, энди у эркинлик, шахсий ўсиш ва ҳақиқатан ҳам ўзига тегишли бўлган ҳаёт сари интилади.
Маълумот учун, Лола ва Темур Тиллаевлар 2018 йилнинг охирига қадар Тошкентдаги энг йирик улгуржи бозор ҳисобланган "Абу Сахий" мажмуасига ва у билан боғлиқ логистика компанияларига эгалик қилишган. Бундан ташқари, Лола Тиллаева ҳашаматли The Harmonist парфюмерия бренди асосчиси бўлса, Темур Тиллаев АҚШ ва Европада ўз тадбиркорлик фаолиятини юритади. Уларнинг оилавий муносабатларидан Марям, Умар ва Сафия исмли уч нафар фарзандлари бор.
Шунингдек, эр-хотиннинг АҚШдаги йирик кўчмас мулк олди-сотди шартномалари ҳам хориж матбуоти эътиборида бўлган. Хусусан, улар Беверли-Ҳиллздаги машҳур девелопер Муҳаммад Ҳадид томонидан қурилган Le Palais номи билан танилган ҳашаматли саройни 36 миллион долларга сотгани маълум қилинган. Мазкур кўчмас мулк 7 та ётоқхона, 11 та ҳаммом, туркча ҳаммом, катта базмлар зали ва 50 ўринли кинотеатрни ўз ичига олган бўлиб, жуфтликка тегишли компания томонидан 2013 йилда 32,75 миллион долларга сотиб олинган эди.
Мазкур хабар ортидан Лола Тиллаеванинг тўнғич қизи Марям Тиллаеванинг 2025 йилда оилавий муносабатлар ҳақида айтган гаплари ҳам яна диққат марказига тушган. Марям ўшанда онаси билан беш йилдан буён умуман гаплашмаслигини, вақт ўтиши билан ўртадаги муаммолар кўпайиб кетганини ёзиб қолдирган эди. Шунингдек, у онаси Лола Каримова ўз онаси Татьяна Каримова билан ҳам алоқаларни бутунлай узганини, ҳатто Ўзбекистонга келган вақтида ҳам онасининг уйига қадам босмаганини маълум қилган.

Изоҳлар мавжуд емас