Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сенат томонидан "Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида"ги қонун маъқулланди. Алишер Навоий номидаги ТошДЎТАУ ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари, филология фанлари доктори Бибиш Жўраева Batafsil.uz. мухбирига янги қабул қилинган қонун моҳияти ва янгиланган ўзбек алифбоси ҳақида сўзлаб берди.
Янги алифбога эҳтиёж
Қонунда назарда тутилган ўзгариш миллий тил сиёсати, ёзув меъёрлари, таълим, расмий иш юритиш ҳамда рақамли технологиялар ривожи учун айрича аҳамият касб этади. Янгиланган алифбода амалдаги 26 та ҳарф ва 3 та ҳарф бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ҳамда 1 та тутуқ белгисидан фойдаланиш назарда тутилмоқда. Мазкур ислоҳотни фақат график ўзгариш сифатида эмас, балки ўзбек ёзувини миллий тилнинг фонетик хусусиятлари ва замонавий рақамли муҳит талабларига мослаштиришга қаратилган тизимли жараён сифатида баҳолаш зарур.
"Ёзув ҳар қандай миллий тилнинг ижтимоий ҳаётида муҳим коммуникатив ва маданий восита ҳисобланади. У нафақат нутқни график шаклда ифодалаш; балки миллий тилнинг фонетик, лексик ва грамматик хусусиятларини авлоддан авлодга етказиш, таълим ва расмий иш юритишни таъминлаш вазифаларини ҳам бажаради. Шу нуқтаи назардан қараганда, алифбони такомиллаштириш масаласи оддий техник ёки график ўзгариш эмас, балки тилнинг ижтимоий-функсионал имкониятларини кенгайтириш билан боғлиқ муҳим лингвистик масаладир", - деди суҳбатдошимиз.
Лингвистик талаб
Эндиликда амалдаги O‘, G‘, Sh, Ch график шакллари ўрнигa Ö, Ğ, Ş, Ç ҳарфларидан фойдаланиш белгиланмоқда. Шунингдек, ng ҳарф бирикмаси алоҳида ҳарф бирикмаси сифатида алифбо таркибидан чиқарилиб, имло қоидалари таркибида ўрганилиши қайд этилмоқда.
Мазкур ўзгаришларнинг муҳим жиҳати шундаки, улар ўзбек тилидаги айрим товушларни график жиҳатдан яхлит бирлик сифатида ифодалаш имконини кенгайтиради. Айниқса, ҳарф бирикмалари ўрнига алоҳида графемалардан фойдаланиш алифбонинг ички тизимлилигини кучайтиришга хизмат қилади. Бунда алифбо ва имло тушунчаларини бир-биридан фарқлаш муҳим: алифбонинг такомиллашуви, ўз навбатида, имло қоидаларини ҳам қайта кўриб чиқиш ва уларни янги график тизим билан уйғунлаштириш заруратини юзага келтиради.
Рақамли муҳит
Бугунги кунда алифбога қўйиладиган талаблар анъанавий ёзув доирасидан анча кенгайган. Электрон ҳужжатлар, маълумотлар базалари, интернет платформалари, электрон ҳукумат тизимлари ва сунъий интеллект технологияларида тилнинг график стандартлари муҳим техник аҳамият касб этади. Мутахассислар таъкидлаганидек, амалдаги O‘ ва G‘ каби белгилар айрим компютер дастурлари, электрон базалар ва клавиатура тизимларида техник ноқулайликларни келтириб чиқараётган эди. Янги график шаклларнинг рақамли муҳитга мослаштирилиши эса ўзбек тилида электрон ахборот алмашинувини стандартлаштириш имконини кучайтиради.
"Бунинг яна бир муҳим томони – ўзбек тилидаги рақамли контентни қайта ишлаш жараёнларининг бир хиллашувидир. Матнларни автоматик таниш, қидириш, саралаш, маълумотлар базасига киритиш, компютер лингвистикаси ва сунъий интеллект тизимларида ўзбек тилидан фойдаланиш учун барқарор график стандарт зарур. Демак, алифбо ислоҳоти тилнинг рақамли макондаги вазифавий имкониятларини оширишга хизмат қилади", -дея таъкидлади Жўраева.
Таълим ва саводхонликни ошириш
Алифбо таълим тизимининг энг асосий график воситаларидан биридир. Шунинг учун уни янгилаш мактабгача таълимдан тортиб олий таълимгача бўлган барча босқичларга бевосита таъсир кўрсатади. Янги алифбонинг жорий этилиши дарсликлар, ўқув қўлланмалари, луғатлар, электрон таълим ресурслари ва ёзма нутқ амалиётини босқичма-босқич янгилашни талаб этади.
Муҳими, ислоҳот аҳоли учун кескин маъмурий юк юзага келтирмаслиги керак. Сенатда маъқулланган ҳужжатда амалдаги алифбода расмийлаштирилган ҳужжатларнинг амал қилишини таъминлашга қаратилган меъёрлар ҳам назарда тутилган. Шунингдек, янги тизимга ўтиш босқичма-босқич амалга оширилиши, аввал берилган паспорт, диплом, гувоҳнома каби ҳужжатларни фақат алифбо ўзгаргани сабабли зудлик билан алмаштириш талаб этилмаслиги белгиланмоқда.
Бу ёндашув ҳуқуқий барқарорлик ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш нуқтайи назаридан муҳимдир.
"Алифбонинг ўзгариши тилнинг ўзгариши дегани эмас. Алифбо – тилни график ифодалаш тизими. Шу сабабли ислоҳотнинг асосий мақсади ўзбек тилининг лексик ёки грамматик табиатини ўзгартириш эмас, балки унинг ёзма ифодаси учун янада қулай, тизимли ва замонавий график воситани шакллантиришдан иборат", - дея якунлади суҳбатдошимиз.

Изоҳлар мавжуд емас