Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш ҳамда айрим ҳужжатларни олишда уларни давлат божидан озод этиш тартиби жорий этилди. Янги қоидалар хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтиради.
2026 йилнинг 11 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан "Айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ–1175-сонли Қонун имзоланди. Ҳужжат билан, жумладан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳудудий марказларига жойлаштирилган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандлари никоҳ тузилганлиги ва туғилганлик ҳақидаги такрорий гувоҳномаларни олишда давлат божи тўлашдан озод этилди. Шу билан бирга, июль ойида қабул қилинган қонун билан тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизими кучайтирилиб, "боланинг энг яхши манфаатлари" тамойили мустаҳкамланган ва ижтимоий ҳимоя муассасаларининг ваколатлари кенгайтирилганди.
Янги қонунчиликка мувофиқ, "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, зўравонликдан жабрланувчилар суриштирув, дастлабки тергов органлари ёки судга мурожаат қилганда, давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Бепул юридик ёрдам алимент ва болалар таъминоти учун харажатларни ундириш, уйга киритиш, турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи ва кўчириш, оталикни белгилаш ёки оталикдан маҳрум қилиш, боланинг яшаш жойи ва у билан кўришиш тартибини белгилаш, никоҳдан ажратиш, мол-мулкни бўлиш ва талаб қилиб олиш, етказилган зарарни қоплаш ҳамда ишга тиклаш каби фуқаролик ва меҳнат низолари бўйича кўрсатилади.

Изоҳлар мавжуд емас