Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Бугунги глобал дунёда ахборот нафақат қимматли манба, балки шахслар ва умуман жамоатчиликни бошқариш усулидир. Агар илгари ушбу соҳада ўз ўйинчилари- сиёсатчилар, таниқли шахслар ва оммавий ахборот воситалари бўлган бўлса, Интернетнинг тарқалиши ва ижтимоий тармоқларнинг оммалашиши сабабли кун тартибини тўғри баҳолай оладиган ва ишлата оладиган кишилар, яъни блогерлар тобора биринчи ўринга чиқишмоқда.
Batafsil.uz мухбири глобал тармоқнинг ўзбек сегментида контент истеъмоли қандай ўзгараётгани, маҳаллий блогосферанинг келажаги борми ёки йўқми, Ўзбекистонда "троллар фабрикаси " борми ва ахборот соҳасини бошқаришга ким қодирлигини билиб олиш учун комуникациялар бўйича мутахассис, PR-Adviser Мадина Рўзматова билан суҳбатлашди.
- Карантин пайтида ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментидаги қандай сохта хабарлар кейсларига гувоҳ бўлдингиз?
- Афсуски, бизнинг ахборот майдонимиздаги сохта янгиликлар жуда кенг тарқалган ҳодиса. Карантин пайтида тасдиқланмаган манбалардан жуда кўп хабарлар келиб тушиб, ҳатто расмий каналлар ҳам бир-бирини инкор этувчи ғалати мақолаларни чоп этганини кўрганмиз. Махсус комиссия қарори асосида тасдиқланмаган янги хабарлар учраб турди. Машиналарнинг ҳаракатланишига рухсат берилган сана билан боғлиқ ёлғон хабарни барчамиз эслаймиз.
Бундай сохта хабарларга кўпинча бепарволик ёки шошқалоқлик сабаб бўлади. Сохта янгиликлар учун кимдир қонунга асосан жавобгарликка тортилиши бўйича бирор-бир ҳолат бўлмаган. Ривожланган мамлакатларда бундай ҳолатларда кимдир қонун юзасидан жазоланади. Бизда эса ҳозирча ёзма кўрсатма ёки огоҳлантиришлар билан чекланиб қолинмоқда.
- Сиз Ўзбекистондаги блогосферани қандай баҳолайсиз ва унинг жамият ҳаётига таъсири қандай?
- Бошқа бозорлардаги лойиҳаларда ҳам ишлайдиган PR-мутахассиси сифатида мен ушбу сегментда катта танқисликни ҳис қиляпман. Бизда ҳали миллиондан ортиқ обуначиларига эга блогерлар йўқ (таниқли шахслар аккаунтлари ҳисобга олинмайди). Айрим соҳаларда эса блогерлар сони ўта кам. Масалан, ижтимоий соҳада блогерлар ҳаддан зиёд кўп бўлиб, жинсий таълим соҳасида танқислик даражаси жуда юқори. Бизнесга оид блоглар ўта машҳур, туризмга оид соҳаларда қилишини лозим бўлган ишлар ниҳоятда кўпдир. Шунинг учун, мен рақамларга асосланган ҳолда айтишим мумкинки, блог муҳити ҳанузгача маҳаллий миқёсда ва кам сонли аудиторияни ўзига жалб қилмоқда. Бу тезда ва дарҳол ўзгармайди. Журналистикада бўлгани каби шахсий цензурадан чиқиб кетиш, харизматик, жўшқин, ёш ва истиқболли блогерларни етиштириш учун вақт керак.
Бизда профессионал даражада блогерлар тайёрловчи бирорта ҳам йирик агентлик йўқ. Қилинаётган ишларнинг барчаси алоҳида кишиларнинг хизматидир. Шунинг учун, блогосферада ҳозирча пул йўқ, тўловлар унчалик катта эмас ва номунтазам. Қўшни бозорлар шу йўлдан ўтган. Биз тахминан 2010-2012 йилларда Москва босиб ўтган босқичда турибмиз.
Блогерларнинг сифатли бўлишлари ҳамда блогерларнинг таъсирини сезиш учун камида икки ёки уч йил ўтиши керак. Аммо блогерларга оид халқаро тажриба ўзлаштирилгандан кейингина бу соҳага сармоя тикканлар унинг бир неча карра қайтарилишига умид қилишлари кутишлари мумкин.
Афсуски, агар мамлакат миқёсида олсак, блогерлар жамият ҳаётига деярли таъсир қилмаяпти. Мен балким янги гапни айтмаётгандирман, лекин бу ҳақиқат. Facebook ва Телеграм каналлари бутун мамлакат бўйлаб ҳаттоки 10 фоизни ҳам қамраб олаётгани йўқ.
PR рўйхатидаги 100-200 киши 34 миллион одам яшайдиган бутун жамиятнинг фикрига жиддий таъсир кўрсата олишига ишониш қийин.
Ҳозирги кунда блогерлар давлат идораларининг кун тартибига самарали таъсир кўрсатмоқда. Бу борада ижобий тенденция кузатилмоқда. Аммо сўнгги пайтларда блогерларни қарама-қарши томон деб ҳисоблаш тенденцияси мени чўчитмоқда. Идораларнинг матбуот хизматлари, кўплаб раҳбарлар шундай деб ўйлашмоқда. Бу ташқи алоқалар нуқтаи назаридан катта хато ҳисобланади.
Блогерларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ўсишига ёрдам бериш кераклигини тушунадиганлар албатта ютиб чиқишади. Буни тренинглар ва пресс-турлар орқали эмас, балки блогосферага маблағ киритиш йўли билан амалга ошириш керак. Содда қилиб айтадиган бўлсак, реклама сотиб олинг, махсус лойиҳалардан қўрқманг. Шундагина рақобат кучаяди. Қачонки нима учун блогер бўлиш кераклиги ва блогер бўлиш фойдали эканлиги ҳаммага тушунарли бўлса, кўплаб янги исмлар пайдо бўлади.
- Кўпчиликнинг айтишича, Ўзбекистондаги блогерлар кейинги пайтларда "сусайиб" қолган. Бу ҳақида нима дея оласиз?
- Менимча, бу одамларнинг субъектив баҳосидир. Мен "сусайиш"ни рақам билан ўлчайман. Қамраб олиш ўз жойида, ўсиб бормоқда.
- Ўзбекистонликлар расмий оммавий ахборот воситаларидан олинган ахборотга ишонишадими?
- Расмий ОАВ дегани нима? Агар биз давлат ОАВ ҳақида гапирадиган бўлсак, унда жавоб аниқ – йўқ, ишонишмайди. Агар биз расмий равишда рўйхатдан ўтган барча нашрлар ҳақида фикр юритсак, унда ҳамма нарса обрўга боғлиқ. Ўйлайманки, бизда ишончли манба сифатида қабул қилинган оммавий ахборот воситаларининг рўйхати шаклланиб бўлган. Шунингдек бозорда стратегик равишда қолишни истамайдиган ҳамда вақтинчалик фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари ҳақида ҳам тегишли хулосалар мавжуд.
- Сизнингча, сўнгги икки-уч йил ичида ўзбекистонликлар томонидан ижтимоий тармоқлардаги контентга бўлган эҳтиёж ўзгардими?
- Интернетга киришнинг кучайиши сабабли эҳтиёж ўзгарган. Айниқса карантинда даврида бу яққол сезилди. Аммо Интернет ва ундаги контент сифати ёмонлигича қолмоқда. Бу эса ўз навбатида истеъмолнинг ўсишига тўсқинлик қилмоқда. Агар қарасангиз, мултфильмлар, спорт, порно ва ҳазил-мутойиба оммабопликни сақлаб турибди. Биз ҳали ҳам телевидениега жуда боғлиқмиз, рақамли технологиялардан фойдаланишни истамаймиз.
- Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ёки айнан ўзбекистонлик томошабинларга мўлжалланган оммавий манипуляция уринишларига дуч келганмисиз?
- Деярли барча янгиликларда, ҳар бир материалда, ҳар бир нашрда манипуляциялар мавжуд. Айни пайтда сиёсий соҳада бундай ташаббуслар кўпроқ амалга оширилаётганини сезиб қолдим. Бир томондан, бу қувонтиради, чунки биз узоқ вақт давомида ҳаттоки шундай манипуляциялардан бутунлай ажралган ҳолда яшадик. Бошқа томондан, фойдаланувчиларимиз шу даражада соддаки, айрим пайтлар уларнинг хавфсизлиги учун қўрқиб кетаман.
Ўзбекистон чет эл нашрларида кўпроқ пайдо бўлаётганини кўряпман. Ушбу чиқишларнинг орқасида доимо қандайдир мақсад ётибди. Бу ҳар доим ҳам оммавий манипуляциялар эмас, балки ушбу коммуникацияларнинг аниқ ва соҳавий вазифалари бўлиши мумкин. Ўзбекистон бошқалардан кам ҳам, зўр ҳам эмас, ҳамма жойда бўлгани каби айнан шу трендлар бизда намоён бўлмоқда.
- Ижтимоий тармоқлардаги маълумотларнинг ишончлилигини текшириш бўйича универсал механизмлар мавжудми?
- Айрим воситалар мавжуд. Улардан ҳамма ҳам фойдалана олмайди, шунинг учун мен ҳаммага мос келадиган бирортасини санаб ўта олмайман.
- Ўзбекистондаги баъзи давлат тузилмалари қарама-қарши турганларга ҳужум қиладиган ботлар гуруҳлари мавжудлигини тўғридан-тўғри таъкидлашмоқда . Бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?
- Ботлар армияси сиёсий PRда бўлиши керак. Афсуски, бизда бундан тўғри фойдаланишмайди. Блогерларнинг чиқиши ниқобида турли фош этувчи хабарлар учраб турибди. Масалан, Россияда бутун “троллар фабрикаси” ўз вақтида ҳаттоки сайловларга таъсир кўрсатган. АҚШда бу аллақачон эскирган технология ҳисобланади. Ўйлайманки, “KPI”ни бажараётган бўлса, бу троллар армияси учун яхши. Аммо армияларни стратегик бошқариш лозим. Акс ҳолда у қидирув тизими орқали бир деганда юзага чиқиб қолади.
- "Троллар фабрикаси" тушунчаси эскирганми ва мамлакатда ватанпарвар блогерлар гуруҳини тузишга уринишлар бўлганини ҳисобга олиб, "Пригожин фабрикаси" га ўхшаш нарсага эҳтиёж борми?
- Ўзбекистонга керакми ёки йўқми - аниқ билмайман. Фабрикалар аниқ мақсад ва вазифаларга эга бўлган аниқ кишиларга керак. Агар биз фойдаланувчилар ҳақида гапирадиган бўлсак, Ўзбекистон сохта хабарларни фарқлашга, маълумотлар оқимида ўзини йўқотмасликка ва сифатли контентга эга бўлишга ўрганиши лозим. Мен ҳозиргача мамлакатда ватанпарвар блогерлар яратишга қаратилган бирорта самарали кампания ва ҳаракатларни кўрмадим. Балки бу ишларни амалдорлар эмас, соҳа мутахассислар амалга ошириши керакдир?
Ахлоқий нуқтаи назардан, эҳтимол буни ёмон деб айтишим керакдир. Фикрни бошқариш, бирор-бир таъсирчан нарсани яратишнинг нимаси ёмон. Аммо мен коммуникация соҳасида ишлайман, бу ерда “яхши” ва “ёмон” тунушчалари ўртасидаги фарқ жуда нозик. Мақсад, ўлчаш мумкин бўлган KPIлар, воситалар мавжуд. Ҳар сафар фактлар, рақамлар, медиамайдончалар, сўзлар, визуал воситалардан фойдаланишга тўғри келади. Агар аъло даражада бажарилса - мақсадга эришилади. Бўлмаганини қанчалик тез тан олсак, ўзимига шунча яхши бўлади.
Изоҳлар мавжуд емас