Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси Мисрда бўлиб турган ватандошларимизни огоҳликка чақирди. Унга кўра, ўзбекистонликлар маҳаллий миграция қонунчилигига қатъий риоя қилиши ҳамда шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни доимо ёнида олиб юришлари лозим.
Сўнгги вақтларда элчихонага ўзбекистонликларнинг маҳаллий ҳуқуқ-тарибот идоралари томонидан ушлаб турилиши билан боғлиқ мурожаатлар сони сезиларли даражада ортган. Миср расмийлари айни пайтда Қоҳира шаҳрида хорижликларнинг миграция қонунлари ва жамоат тартибига риоя қилиши устидан назоратни ҳам кучайтирган.
Мамлакатда ноқонуний равишда бўлиб турган ва тартибни бузган чет эл фуқароларига нисбатан қатъий маъмурий чоралар, жумладан, мажбурий депортация қилиш тартиби қўлланилмоқда. Шу сабабли дипломатик ваколатхона Мисрдаги ўзбекистонликлардан бир қатор талабларга сўзсиз амал қилишни сўраган.
Хусусан, Миграция ва маҳаллий қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш, миллий паспортни доимий равишда ёнида олиб юриш, амалдаги виза, вақтинчалик яшаш рухсатномаси ("иқома") ёки ўқишга оид ҳужжатларнинг мавжудлигини таъминлаш ва уларнинг муддатини ўз вақтида узайтириш шулар жумласидан.

Изоҳлар мавжуд емас