Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМИТИ) мутахассислари Ўзбекистонда айрим соҳалар учун тўрт кунлик иш ҳафтасини жорий этиш мумкин деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда мухбиримиз хабер бермоқда.
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, ишнинг давомийлиги меҳнат унумдорлигига таъсир қилувчи ягона ва асосий омил ҳисобланмайди. Пандемия шароитида кўплаб компаниялар ўз ходимларини масофадан ишлашга ўтказганлиги ушбу турдаги бандликнинг самарадорлигини кўрсатди ва бутун дунё бўйлаб иш билан таъминлашнинг турли шаклларидан фойдаланиш учун асос бўлди.
Мутахассислар тўрт кунлик иш ҳафтаси қўлланилиши мумкин бўлган соҳаларни аниқлашга ҳаракат қилишган. Бу номоддий ишлаб чиқариш соҳалари, масалан, IT, банклар, таълим, соғлиқни сақлаш, шунингдек илмий-тадқиқот тармоқлари бўлиши мумкин. Шу билан бирга, IT соҳаси вакилларининг аксарияти аллақачон мослашувчан иш тартиби бўйича ишлаётгани ва банкларнинг тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтиши молиявий операцияларнинг тўхтаб қолишига сабаб бўлиши мумкинлигини ёдда тутиш керак.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, янада мослашувчан иш тартиби ва иш ҳафтасини қисқартиришга ўтиш бир қатор афзалликлар беради, бу эса ўз навбатида ишнинг умумий самарадорлигига таъсир қилади ва ижтимоий-иқтисодий муҳитни яхшилайди:
-
биринчидан, ходимларнинг соғлиғи яхшиланади: қўшимча дам олиш куни ходимларга яхши хордиқ чиқариш ва иш учун қувватни тўлдиришга имкон беради;
-
иккинчидан, меҳнат бозорида аҳолининг, хусусан аёлларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш орқали ишсизликка қарши самарали кураш таъминланади;
-
учинчидан, ходимларнинг мотивацияси, муҳим вазифаларни тезкор ва сифатли бажаришига диққати ошади ва иш вақтини йўқотиш камаяди;
-
тўртинчидан, иш вақтининг қисқариши атроф-муҳитни яхшилайди, транспорт юкини камайтиради, ёқилғи ва энергия сарфини мақбуллаштиради;
-
бешинчидан, кўнгилочар ва маданият саноати ривожланади;
-
олтинчидан, аҳолининг ҳаёт сифати яхшиланади. Оила билан бирга вақт ўтказиш, севимли машғулотлар билан шуғулланиш, маданий ривожланиш, спорт ва ўз устидан ишлаш учун кўпроқ имкониятлар пайдо бўлади.
"Умуман олганда, хорижий амалиётни ўрганиб, шунингдек, ҳисоб–китоблар натижаларига асосланиб, мутахассислар Ўзбекистон шароитида муайян фаолият турлари учун тўрт кунлик иш ҳафтасидан фойдаланиш мумкин деб ҳисоблашади", - дейилмоқда ПМИТИ берган баёнотда.
Изоҳлар мавжуд емас