Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги фастфуд, ширин ичимликлар ва таркибида шакар, туз ва тўйинган ёғлар миқдори юқори бўлган бошқа маҳсулотларнинг болаларга мўлжалланган рекламасини чеклаш бўйича таклифлар тайёрлади. Гап бундай маҳсулотларни телевидение, радио, ижтимоий тармоқлар ва ташқи рекламаларда тарғиб қилиш ҳақида кетмоқда.
Вазирлик шу йўл билан маркетингнинг болалар ва ўсмирларнинг овқатланиш одатларига таъсирини камайтиришни мўлжалламоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таъкидлашича, вояга етмаганлар ёрқин қадоқлар, блогерлар рекламаси, ижтимоий тармоқларда тарғибот ва эътиборни жалб қилишнинг бошқа воситаларига ўта таъсирчан.
Таклифлар таркибида шакар, туз, тўйинган ва трансёғлар миқдори юқори бўлган маҳсулотларни реклама қилиш учун чекловларни назарда тутади. Бунда гап маҳсулотларнинг ўзини тақиқлаш ҳақида эмас, балки уларнинг болалар орасида тарғиб қилинишини чеклаш ҳақида бормоқда. Ҳозирда вазирлик таклиф этилаётган чора-тадбирларнинг оқибатларини баҳолаши керак бўлган регуляторлик таъсири таҳлилини тайёрламоқда.
Идорада бундай қадамлар заруратини болаларнинг саломатлик кўрсаткичлари билан боғлашмоқда. Тадқиқотларга кўра, Қозоғистонда олти ёшдан тўққиз ёшгача бўлган болаларнинг 23 фоизи ортиқча вазнга эга, яна 6 фоизи семизликдан азият чекади. Бундан ташқари, ўсмирларнинг 17,5 фоизи энергетик ичимликларни ҳафтасига камида бир марта истеъмол қилади.
Ташаббус Қозоғистонда болалар овқатланиши муаммосини муҳокама қилишнинг давоми бўлди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев аввалроқ ҳукуматга тез овқатланиш маҳсулотларининг агрессив рекламаси масаласини ўрганиш бўйича топшириқ бериб, унинг болалар саломатлигига таъсирига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган эди.
Мамлакатда бу соҳада аллақачон алоҳида чекловлар мавжуд. Хусусан, 21 ёшга тўлмаган шахсларга энергетик ичимликлар сотиш тақиқланади, 2025 йил сентябрь ойидан бошлаб таълим муассасаларида рационда шакар ва тузни камроқ, сабзавот, мева ва сут маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қилишни назарда тутувчи янги овқатланиш стандарти қўлланилади.
Аввалроқ Янги Зеландия ҳукумати 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлашни таклиф қилган эди. Шунга ўхшаш чекловлар аллақачон Австралияда амал қилмоқда, Буюк Британия ва Греция эса уларни келгуси йилда жорий этишни режалаштирмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас