Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда 21 март — Наврўз байрами муносабати билан ички туризмни ривожлантириш ва аҳолининг дам олишини мазмунли ташкил этиш мақсадида маданий мерос объектлари, музейлар ва меҳмонхоналарда сезиларли чегирмалар жорий этилди.
Байрам кунларида фуқаролар ва хорижий сайёҳлар бир қатор имтиёзлардан фойдаланишлари мумкин.
Хусусан, "Вақф" хайрия жамоат фонди тасарруфидаги муқаддас қадамжоларга кириш чипталари учун белгиланган нархдан 10 фоиз чегирма тақдим этилади.
Шунингдек, Маданий мерос агентлиги тизимидаги давлат музейлари ва маданий мерос объектларига кириш учун махсус байрам чегирмалари жорий қилинган ва байрам кунлари ушбу объектларнинг узлуксиз ишлаши таъминланади.
Туризм соҳасидаги тадбиркорлар ихтиёрий равишда меҳмонхоналар, меҳмон уйлари ва бошқа жойлаштириш воситаларида кўрсатиладиган хизматлар учун 20 фоизгача чегирмалар эълон қилишган.
Бундан ташқари, Маданият вазирлиги тасарруфидаги давлат театрларида 21 мартдан 27 мартгача "Театр томошалари ҳафтлиги" ўтказилади. Шу даврда санъат ихлосмандлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги театрларда бепул спектаклларни томоша қилишлари мумкин. Бепул спектаклларга кириш учун таклифномалар театрларнинг очиқ кассаларидан олинади.
Бундай ташаббуслар юртдошларимизнинг бой тарихий ва маданий меросимиз билан яқиндан танишишига ҳамда байрамни кўтаринки руҳда ўтказишига хизмат қилади.

Изоҳлар мавжуд емас